Спорт | 12:23 / 09.08.2016
9303
2 дақиқада ўқилади

«МЮ» қайси футболчилар трансферга қўйилишини аниқлаб олди

«Манчестер Юнайтед» ёзги трансферлар вақтида камида 4 футболчисини трансферга қўяди.

The Telegraph маълумотига кўра, инглизлар клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо Бастиан Швайнштайгердан ташқари хавбек Аднан Янузайни ҳам янги мавсум учун режаларига киритмаган.

Бундан ташқари, «қизил иблислар» сафини Дэйли Блинд, Маркос Рохо ва Ҳуан Мата ҳам тарк этиши мумкин.

Қолаверса, Эшли Янг, Мемфис Депай ва ўнг қанот ҳимоячиси Маттео Дармианнинг «МЮ»даги тақдири сўроқ остида қолмоқда.

Ёш футболчилар Кэмерон Бортуик-Жексон, Жеймс Уилсон, Пэдди Макнейр, Андреас Перейра ва Уилл Кин эса ижарага берилиши кутилмоқда.

«МЮ» трансферлар даричаси ёпилгунига қадар юқори тоифали марказий ҳимоячи ҳам сотиб олиши мумкин.

Жамоа ёзги трансферлар вақтида шу вақтгача 4 нафар футболчини ўз сафига қўшиб олди. Аввалига Испания чемпионатидан «Вильярреал» ҳимоячиси Эрик Байи 30 млн фунт эвазига сотиб олинди. Кейинроқ «ПСЖ» билан шартномаси муддати тугаган Ибраҳимович эркин агент сифатида жамоага келиб қўшилди. «Боруссия» футболчиси Мхитарян  учун эса 26.3 млн фунт тўланди, бир неча соат олдин Погба «Ювентус»дан 91 млн фунт эвазига сотиб олинди.

Манба: Tribuna.uz