Ўзбекистон МХХ чегара қўшинларининг Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмлари хизматчиларига янги уй-жойлар топширилди
Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмлари хизматчилари учун янги уй-жойлар ҳамда чегара пости фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бунёдкорлик ишлари давомида 1,7 гектар майдонда маиший хизмат кўрсатиш комплекси қурилди. Мажмуадан дорихона, чойхона, “Гўзаллик салони”, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси, сунъий қопламали стадион ўрин олган. Замонавий лойиҳа асосида қурилган “Ўрай-Элипок” маҳалла маркази ва 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳам ҳудудга ўзгача қиёфа бахш этди.
Ургут туманидаги ҳарбий қисм янги чегара пости мажмуасида ҳам хизматчилар учун барча шароит яратилган. Бу ерда аскарлар турар жойи, ошхона, тиббиёт хонаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва бошқа зарур хизмат хоналари қад ростлади.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.