Жаҳон | 07:13 / 10.08.2016
6251
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Саудия Арабистонига ҳарбий техника сотишга рухсат берди

Фото: REUTERS

АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонига умумий қиймати 1,15 млрд доллардан кўпроқ бўлган 130 та "Абрамс" танки, 20 та зирҳли таъмирлаш-эвакуация машинаси ва бошқа ҳарбий техниканинг сотилишини маъқуллади, деб хабар бермоқда Пентагонга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги.  

Таъкидланишича, бу буюртманинг бош ижрочиси General Dynamics компанияси бўлади. Қонун чиқарувчиларда техникаларнинг сотилишини тақиқлаш учун 30 кун вақт бор. Бироқ бундай ҳолатлар камдан-кам юз беради, деб тушунтирмоқда ахборот агентлиги.  

Саудия Арабистони бу ҳарбий техникани Ямандаги фуқаролик уруши доирасида қўллаши тахмин қилинмоқда.