Эроннинг собиқ президенти Обамага хат ёзгани туфайли дошномларга қолди
Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод 8 августда АҚШ президенти Барак Обамага юборган хати туфайли эронликлар томонидан оммавий танқидларга учради.
Аҳмадинажод ўз мактубида Эроннинг музлатилган 2 млрд долларлик активларининг қайтарилмаслиги ҳақидаги суд қарорини бекор қилишни талаб қилган. Ушбу қарор жорий баҳорда АҚШ федерал суди томонидан қабул қилинган бўлиб, у бу маблағни 1983 йилда Байрутда амалга оширилган терактда ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлар оилаларига беришга ҳукм қилган. АҚШнинг фикрича, бу терактга Эроннинг алоқаси бор.
Бу мактубдан кейин Аҳмадинажод Эрон расмий шахслари ва матбуоти томонидан кўплаб танқидларга учради. Танқидларнинг асосий мазмуни шундан иборатки, Аҳмадинажод истаган одами билан қанча истаса хат ёзишиши мумкин, бироқ расмий, яна боз устига "Эроннинг энг ашаддий душмани етакчиси" билан хат ёзишишга ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас.
"Аҳмадинажод томонидан кўрилган ташқи сиёсий қадамлар ҳеч қандай фойда келтирмайди. Улар фақатгина мамлакатга зиён етказиши мумкин", деб айтди Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича қўмитаси аъзоси Ҳошмат Фалаҳатпоша. У "охирги йилларда Эроннинг амалдаги ҳукуматини АҚШ билан ядровий келишув бўйича музокаралари учун танқид қилган ва америкаликлар билан ҳар қандай алоқаларга йўл қўйиб бўлмаслигини айтган ва энди бўлса Обамага хат ёзаётган" Аҳмадинажоднинг ҳаракатлари бир-бирига зидлигини айтди.
Эроннинг "Жумҳурия исломи" нуфузли газетасининг фикрича, Аҳмадинажод шу тариқа Эронда 2017 йил майга белгиланган навбатдаги президентлик сайловлари олдидан жамоатчиликнинг ўз шахсига қизиқишини жонлантиришга уринмоқда, унинг Обамага мактуби эса муваффақиятсиз пиар акциядир.
Аҳмадинажод Эронни 2005-2013 йиллар давомида бошқарган. Охирги президентлик сайловларида Аҳмадинажод ўз номзодини қўйишга ҳаққи бўлмаган, чунки мамлакат конституцияси кетма-кет уч марта президент бўлишни тақиқлайди, бироқ 2017 йил 19 майга белгиланган навбатдаги президентлик сайловларида иштирок эта олади. Айни вақтда Аҳмадинажод Теҳрон технологик университети раҳбари ҳисобланади.