Ўзбекистон | 19:05 / 10.08.2016
5804
2 дақиқада ўқилади

KT Corporation Ўзбекистонда электрон ҳисоблагичларни ишлаб чиқариши мумкин

Фото:bloomberg

Жанубий Кореянинг KT Corporation раҳбари Ли Бэк Хим 9-август куни Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида  музокаралар ўтказган. 

Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, томонлар электр энергетикаси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини барпо этиш лойиҳаси доирасида электрон ҳисоблагичлар ишлаб чиқиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш масаласини муҳокама этишган. 

Эслатиб ўтамиз, KT Corp. Ўзбекистоннинг уч вилоятида электр энергиясини ҳисобга олиш тизимини модернизация қилиш бўйича 101 млн долларлик тендер ғолиби бўлганди. 

2015-йили «Ўзбекэнерго» АЖ билан имзоланган шартномага мувофиқ, компания Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 1 млн дона электр ҳисоблагичларни ўрнатади ва икки томонлама алоқа технологияси негизида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини барпо этади. Лойиҳа 28 ой мобайнида амалга оширилади. 

Умуман, электр энергиясини автоматлаштирилган тарзда ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими лойиҳасининг таннархи 207,4 млн доллар бўлиб, у Осиё Тараққиёт банки (150 млн доллар) ҳамда «Ўзбекэнерго»нинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. Лойиҳанинг технологик қисмини Korea Telecom амалга оширса, ўзбек томони барча инфратузилмаларни барпо этади.