Иқтисодиёт | 21:30 / 10.08.2016
9458
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК нефтга талаб рекорд даражага ўсишини прогноз қилмоқда

Фото:gazeta.ru

ОПЕКнинг янги прогнозига кўра, 2017 йилда жаҳон талабини қондириш учун кунига 95,41 млн баррель нефть талаб қилинади.

Нефтга жаҳон талаби ўсишни давом эттиради ва 2017 йилда рекорд даражага – кунига 95,41 млн баррелга етади. 

2016 йилда нефтга талабнинг ўртача кунлик ўсиши 1,22 млн баррелни ташкил қилади. Йил натижаларига кўра, нефтга жаҳон талаби даражаси кунига 94,26 млн баррелга етади.  

ОПЕКнинг тахминича, 2017 йилда талабнинг ошиши суръати бироз секинлашади. Бироқ 2017 йил натижаларига кўра талабнинг ўртача даражаси кунига 95,41 млн баррелга етади, куз ва қишда эса 96 млн баррелдан ошади. 

Шу тариқа, 30 йил ичида нефтга талаб 1,5 баробарга ошади (1987 йилда бу талаб кунига 63,107 млн баррелни ташкил қилган). 1997 йилда талаб кунига 73,597 млн баррелни, 2007 йилда кунига 86,788 млн баррелни ташкил қилганди.  

2016 йилга нисбатан талаб кунига 1,15 млн баррелга ошади. Бунда талабнинг ўсишида асосий улуш Осиё давлатларига тўғри келади. Жумладан, Хитойда нефтга кунлик талаб 270 минг баррелга, Ҳиндистонда 160 минг баррелга, Яқин Шарқда 180 минг баррелга ошади. Шу билан бир вақтда АҚШда (+150 минг баррель), Африкада (+110 минг баррель) ва Лотин Америкасида (+70 минг баррель) ҳам нефтга талаб ошади. Европада эса нефтга талаб озгинча пасаяди. 

ОПЕК таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, ОПЕКга кирмайдиган давлатларда нефть қазиб олиш ҳажми камаяди, бу эса картелга бозордаги улушини оширишга ёрдам беради.