Жаҳон | 15:11 / 10.08.2016
5132
2 дақиқада ўқилади

Покистондаги турк мактаблари тармоғи раҳбарияти ўзгартирилди

Фото: Flickr

Покистонда фаолият юритувчи PakTurk таълим муассасаларининг туркиялик директорлари ўзгартирилди. Бунга, расмий Анқаранинг Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадор мактабларни ёпишни сўраб, Исломободга мурожаат қилгани сабаб бўлган. Шундай қилиб, 28та мактаб раҳбарлари вазифасидан озод этилган, деб ёзмоқда Dawn нашри ўз манбаларига таянган ҳолда. 

Август ойи бошларида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Покистонга ташриф буюрган эди. У, Покистон ҳукуматини Гулен тарафдорлари билан курашишда ёрдам беришга, хусусан у билан боғлиқ барча мактабларни ёпишга чақирган эди. Покистон ТИВ ўз навбатида, икки мамлакат ҳукуматлари "Туркия хавотирларига барҳам бериш мақсадида ва ўқувчиларнинг академик таълимини бузмаслик муҳимлигини яхши тушунган ҳолда алоқада бўлиб турган"ини маълум қилганди.

Бунга жавобан, PakTurk таълим муассасалари раҳбарияти Покистон ҳукумати мактаблар бошқарувини Туркия президенти маъмурияти билан боғлиқ нотижорат ташкилотига топширишдан ўз хавотирини изҳор қилди. 

Шу билан бирга, нашрнинг манбасига кўра, ушбу мактабларда ишлаганлар эндиликда Туркияга қайтишдан қўрқишмоқда. Чунки, Гулен билан боғлиқ ташкилотда ишлаганлари боис, Ватанларида уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкин. 

Натижада, мактаблар бошқаруви "PakTurk халқаро таълим жамғармаси" ташкилотидан Покистонда рўйхатдан ўтган "PakTurk таълим жамғармаси" ихтиёрига топширилди. Барчаси Покистон фуқаролари бўлган 6 кишилик бошқарув кенгаши ташкил этилган. Мактабларнинг 28 нафар директорлари вазифасидан озод этилиб, оддий ўқитувчилик даражасига туширилган. 

"PakTurk таълим жамғармаси" Покистоннинг бир неча шаҳарларидаги 28 мактабни бошқаради. Уларда бир ярим минг киши фаолият кўрсатади. 11 мингга яқин ўқувчи таълим олади.