Жаҳон | 19:05 / 10.08.2016
12015
2 дақиқада ўқилади

Россия ФХХ Қримда украиналиклар тайёрлаган теракт олди олингани ҳақида маълум қилди

Россия Федерал Хавфсизлик хизмати Қрим ярим оролида амалга оширилиши режалаштирилган терактни бартараф этгани ҳақида маълум қилди. РИА «Новости» хабарига кўра, бу теракт  Украина Мудофаа вазирлиги разведка Бош бошқармаси томонидан тайёрланганди.

Россия ФХХ расмий сайтидаги хабарда келтирилишича, теракт Қрим ярим оролининг энг муҳим инфратузилмаларида амалга оширилиши кўзда тутилган ва бундан мақсад сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш даврида ярим оролдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш бўлган.

Аниқлик киритилишича, 7 августга ўтар кечаси Армянс туманида теракт учун жўнатилган гуруҳ аниқланган. Гуруҳ аъзоларини қўлга олиш вақтида ФХХнинг бир ходими ҳалок бўлган. 

Қуролли тўқнашув ҳудудида умумий қуввати тротил эквивалентида 40 килограммга тенг 20 та қўлбола портловчи ускуна, ўқ-дори, пиёдаларга қарши ва магнитли миналар, гранаталар ҳамда Украина қуролли кучлари махсус бўлинмаларининг қуролланишида бўлган махсус қурол-яроғлар топилди. 

Ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган ва тергов ишлари бошланган.

Айни вақтда Қрим ярим оролида ҳамда Украина чегарасида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Дам олиш масканларини, ҳаёт таъминоти ва инфраструктуранинг энг муҳим объектларини қўриқлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинган.