Спорт | 16:22 / 10.08.2016
9764
3 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича Россия олимпия терма жамоасида можаро: Мураббийлар штаби истеъфо берган

Бокс бўйича Россия олимпия терма жамоаси бош мураббийи Александр Лебзякнинг маълум қилишича, терма жамоа мураббийлари штаби истеъфога чиққан. Қайд этилишича Лебзяк ва бошқа мураббийлар Россия спорт вазирлигига Рио-де-Жанейро олимпиадаси бошланишига 25 кун қолганидаёқ ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганди.

У россиялик бокчилар шунчаки иштирокчи бўлиб қолгани, уларга эса ҳақиқий жангчилар кераклигини таъкидлаган.

«Мен энди маълум қилмоқчиман. Бу ерга келишимизга 1 ойча вақт борлигида жамоа билан биргаликда истеъфога чиқиш бўйича ариза ёзгандик. Мен ҳисоблайманки, боксчилар бу ерга мамлакат шаънини ҳимоя қилиш учун келиши керак. Улар бу ерда Олимпиадага чиққанлари учунгина эмас, ватан учун жанг қилишлари керак. Масалан Егоров Васяни олайлик. Кеча Василий Егоровни жазолашди, у кучсиз эди, лекин у курашди. Худди у каби жанг қилиш керак», — деган Лебзяк «360» телеканалига берган интервьюсида.

9 август куни ҳам мураббий ўз шогирдларини танқид қилиб чиққанди.

«Риога сайёҳлар каби келишган. Уларнинг кўзларида ғалаба истагини кўрмаяпман. Уларнинг ҳолати ачинарли. Менга шунчаки иштирокчилар эмас, ҳақиқий жангчилар даркор.

Бизга қандай муносабатдаликларини биласиз. Ғалаба қозониш учун рақибдан 2-3 бош устунлик қилиш керак бўлади. Ҳакамлар 1-2 очколик устунлик кўрсатган россиялик боксчига осонлик билан мағлубият ёзишади.

Менга жангчилар керак. Майли ютқаз, аммо рингга кўтарилганингда, мухлислар олдида уялмайдиган ҳаракатларни бажаришинг керак», деганди у.

Лебзяк Бразилиядаги Олимпиадага Артём Чеботарев, Евгений Тищенко, Миша Алоян, Владимир Никитин, Виталий Дунайцев, Адлан Абдурашидов, Андрей Замковой, Пётр Хамуков ва Василий Егоровни олиб борганди. Санаб ўтилганлардан кейинги 4 нафари курашдан чиқиб бўлди.

Лебзяк терма жамоани 2013 йилдан буён бошқариб келади. У 2005-2008 йилларда ҳам жамоа мураббийи сифатида ишлаган. Унинг ўзи спортчи сифатида 1992 йили Барселона ўйинларида, Атлантадаги 1996 йилги Олимпиадада ва Сидней-2000 Олимпиадасида иштирок этган. У Австралияда олтин медаль олганди.