Жаҳон | 07:56 / 10.08.2016
7951
1 дақиқада ўқилади

Россия президенти ва Буюк Британия бош вазири телефон орқали суҳбатлашишди

Фото: point.md

9 августда Россия президенти Владимир Путин ва Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй телефон орқали суҳбатлашишди.

Суҳбат давомида томонлар Россия-Британия муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилишди. Кремль сайтида таъкидланишича, сиёсатчилар "ўзаро ҳамкорликнинг жорий кўрсаткичларидан қониқмаганлик билдиришди ва бир қатор йўналишлар бўйича биргаликдаги ишни фаоллаштиришга қарор қилишди". 

Икки давлат етакчиси шунингдек авиацион хавфсизликни таъминлаш муаммолари билан шуғулланувчи махсус хизматлар йўналиши бўйича суҳбатни йўлга қўйишга келишиб олишди.

Бундан ташқари, Мэй Бирлашган Қиролликнинг Архангельскга биринчи британ Шимолий конвойи келишининг 75 йиллиги тантаналарида иштирок этишини тасдиқлади. Путин ва Мэй шунингдек ўзаро учрашишга ҳам келишиб олишди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, ушбу суҳбат Путин ва Буюк Британия янги бош вазирининг илк суҳбати бўлди.