Жаҳон | 09:59 / 10.08.2016
8376
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Эрдўған Россия Туркия учун ЕИ ўрнини босиши мумкинлигини намойиш қилмоқчи

Фото: РИА Новости

Европа сиёсатчиларининг фикрича, Владимир Путин ва Тоййиб Эрдўғаннинг ўзаро яқинлашуви, турк етакчисининг Россия ЕИ муқобили бўлиши мумкинлигини намойиш этиш истаги билан боғлиқдир, деб ёзади The Wall Street Journal газетаси. 

Россия ва Туркия давлат раҳбарларининг икки томонлама муносабатлардаги инқироздан сўнгги биринчи учрашуви 9-август куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтди. Унда сиёсатчилар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга келишиб олишди. 

"Шунга қарамай, узоқ истиқболда уларнинг манфаатлари умуман бир-бирига зиддир. Хусусан, Сурия ҳамда иқтисодиёт ва энергетика масалалари бўйича. Шу боисдан ҳам биз расмий Анқара учун эшикларимизни очиқ қолдиришимиз керак", — дея ЕИнинг юқори лавозимли мулозимларидан бирининг сўзларини келтиради The Wall Street Journal. 

Бошқа бир европалик мулозимнинг сўзларига кўра, Эрдўғаннинг ташрифи "кўринишидан аслига мос келмайдиган куч намойишидир".

"Унинг аксарият йирик иттифоқчилари, ўртадаги кескинликни заифлаштиришни хоҳлаган тақдирда ҳам, Россияга нисбатан тобора жиддий шубҳаларга эга бўлиб бормоқда", — деган президент кичик Жорж Буш маъмуриятининг собиқ маслаҳатчиси Томас Грэм. 

Унинг фикрича, гарчи расмий Анқара НАТО иттифоқчиси бўлса-да, унинг ҳимояси бошқача мазмунга эга бўлиб бормоқда. Буни Туркиянинг "тобора тоталитар давлатга айланиб бориши баробарида Россияга яқинлашаётганида кўриш мумкин".

Нашрнинг таъкидлашича, Эрдўғаннинг Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, биринчи хорижий сафарини Россияга амалга ошириши, Москвага таянишга тайёрлигини намойиш этади. Аммо, Европа етакчиларига кўра, ИШИДга қарши курашда муҳим аҳамиятга ва НАТОнинг иккинчи йирик армиясига эга бўлган Туркия Ғарбнинг ўзгармас иттифоқчиси бўлиб қолаверади.