Қуйлиқ шоҳбекати ёнгинасида мардикор бозори бор. У ерда турли ёшдаги қиз-жувонлару йигитларни кўрасиз. Улар ҳар бир ўтаётган машинага умид билан тикилишади. Тўхтаган машинанинг олдига эса худди қушдек учиб бориб, атрофини ўраб олишади.

Паркент туманига бориш учун бекатда ҳамкасбимни кутиб ўтирдим. Юқоридаги манзарани анча кузатдим. Аксини олгандек, ҳамкасбим ҳам тезроқ кела қолмади. Хизмат сафари билан Тошкент вилоятига чиқмоқчи эдик. Вақтнинг тезроқ ўтишини истаб, мардикор аёллар томон юрдим. Атрофимга дарҳол қизлар, аёллар йиғилишди. Ёшлари мендан катта бўлса-да, улар “Опажон, иш борми?”, дея менга жавдираб қарашарди. “Ҳамма ишни бажариш қўлимдан келади, фақат пулини берсангиз бўлди”, деди ўрта ёшлардаги аёл.

— Асосан нима иш қиласиз? — дедим унга раҳмим келиб. 
— Айтган барча юмушларингизни  қилиб кетавераман.
— Ер чопишни биласизми? — дея қизиқиб сўрадим унинг қадоқ қўлларига, офтобдан қорайган сўлғин юзларига қараб.
— Албатта. Ундай ишларни бир зумда қотириб ташлаймиз.
— Илгари ҳам шундай ишни қилганмисиз? Қанча тўлашган?
— Баҳорда бунақа юмушлар кўп бўлади. Ишга олиб кетганлар ўн-йигирма минг сўм беришарди.
— Кун бўйи шу иш билан шуғулланармидингиз?
— Ерига қараб. Айрим одамлар жудаям инжиқ бўлади. Ағдарган ерингизнинг кесакларини ҳам майдалаб беришни сўрашади. Бу кўп вақтни олади.
— Ҳа, тушунарли — дедим аёлгинага раҳмим келиб. — Агар вақтингизни олмасам, бу ердаги иш ҳақида гапириб беринг.

Аёл жим бўлиб қолди. Кейин мени бир четга тортди. Ўша ердаги ўриндиққа ўтириб олдик.

Кейин у ҳасрат дафтарини очди…

“Исмим Гулчирой. Аммо Гулчиройнинг чиройидан асар ҳам қолмади. Турмушнинг ғам-андуҳлари, оғир меҳнат мени анчагина толиқтириб қўйди. Аммо Худога шукур қиламанки иккита ўғлим бор. Улар суянчиқларим. Қариганимда белимнинг дармони, кўзимнинг қуввати. Дадаси инсульт бўлиб вафот этди. Рўзғорнинг барча ташвиши менинг гарданимга тушди. Эркаксиз уй зимистонга ўхшаркан. Туртиниб-суртиниб, тирикчилик учун шу ерларда юраман. Эркак кишининг топганида барака бўларкан. Турмуш ўртоғим ишлаганида мен фарзандларим тарбияси билан машғул эдим. Энди бўлса…

Ҳеч кимнинг бошига бундай кўргулик тушмасин. Гоҳида одамларга қараб туриб, айримларидан нафратланиб кетаман. Яхши ҳамки фарзандларим бор. Шулар билан овунаман. Дардларимни уларга айтиб, енгил тортаман.