Ҳиндистонда хусусий компанияларга ўқотар қурол ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга рухсат берилди
Ҳиндистон ҳукумати мамлакатнинг хусусий корхоналарига хорижий компаниялар билан бирга инвестициялар ҳажми 49 фоиздан ошмаган ҳолда ўқотар қурол ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга рухсат беришга қарор қилди. Бу ҳақда The Economic Times газетаси хабар бермоқда.
Газета маълумотларига кўра, қарор мамлакат мудофаа вазирлиги бир неча ойдан бери "Ҳиндистонда яса" дастурини илгари суриш доирасида шуғулланаётган мудофаа харидлари қоидаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинди.
"Мудофаа харидларининг янги қоидалари битимларни ўтказишнинг шаффофлиги ва тезкорлигини кўзда тутади, бироқ асосийси – ҳукумат барча давлатлар ишлаб чиқарувчиларини бизнинг мудофаа саноатимиз ривожига ўз улушини қўшишга таклиф қилади", деб айтди мудофаа вазири Манохар Паррикар.
Оқибатда Ҳиндистоннинг мудофаа харидлари бўйича қўмитаси ўқотар қуролни ишлаб чиқаришга нафақат давлат корхоналарини, балки хусусий компанияларни ҳам қўйиш бўйича муҳим қарорни қабул қилди. Бу хусусий корхоналар тегишли лицензияни олганларидан кейин хорижий капитал 49 фоизгача бўлган қўшма корхона яратишлари мумкин. Ҳозиргача Ҳиндистонда ўқотар қуролни ишлаб чиқариш билан давлат корхоналари шуғулланиб келган, бунда уни экспорт қилиш масаласи қувватларнинг етишмаслиги сабабли қўйилмаган.
Ҳиндистон қуролли кучларининг уч турдаги қўшинлари, полициянинг ҳарбийлаштирилган кучлари ва штатлар полицияларининг замонавий ўқотар қуролга эҳтиёжи унинг йиллик ишлаб чиқарилишини нафақат тўлиқ қоплайди, балки хориждан катта миқдорда экспорт қилинишини ҳам талаб қилади.