Жаҳон | 15:29 / 11.08.2016
4623
2 дақиқада ўқилади

Исландия президенти ўз фуқароларига мурожаат қилишнинг замонавий усулидан фойдаланмоқчи

Шу йилнинг 1-августидан Исландия давлат раҳбари лавозимига киришган Гудни Йоханнессон, Facebook ижтимоий тармоғида ўзининг президентлик саҳифасига эга бўлиши баробарида обуначиларнинг саволларига имкон қадар ўзи жавоб беришга ваъда берди. 

"Ижтимоий тармоқдаги саҳифамга хуш келибсиз. Мен бу ерда Исландия президенти лавозимида амалга оширмоқчи бўлган лойиҳалар ҳақида эълон қилмоқчиман. Илтимос қиламанки, менинг ҳар кунги фаолиятимни кузатиб борасиз, - дея мурожаат қилган давлат раҳбари ўзининг илк хабарида. –Менинг иш тартибим жуда ҳам зич бўладиган кўринади. Шунга кўра, мен ушбу саҳифада пайдо бўладиган саволларнинг барчасига шахсан жавоб беришга ваъда беролмасам-да, бироқ бунинг учун барча имкониятимни ишга соламан".

Гудни Йоханнессоннинг фикрича, ижтимоий тармоқлар сиёсатчи учун ўз ватандошларини яқиндан билиш, уларнинг ҳиссиётлари ва ташвишга солаётган нарсаларидан хабардор бўлишда ажойиб имкондир. Мамлакат ҳукумати билан бевосита мулоқот қилиш имконияти эса, демократиянинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Унинг яқинда инглиз тилида чоп этиладиган The Reykjavik Grapevine журналига берган интервьюсида айтишича, Гудни Исландия университети ва бундан аввал Лондон университетида дарс берган чоғларида, ўз аудиторияси билан мулоқотни йўқотиб қўйишдан хавотирда бўлганини таъкидлаганди.