“Истиқлол фарзандлари” иқтидорли ёшлар фестивали бошланди
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан “Истиқлол фарзандлари” иқтидорли ёшлар фестивалига катта иштиёқ ва ҳаяжон билан йўлга чиққан ёшлар Тошкент шаҳрига етиб келишди.
Дастлаб “Ўзбекистон” меҳмонхонасига жойлашгач, матбуот анжуманида иштирок этиш учун Темурийлар тарихи давлат музейига йўл олишди.300 нафар қитидорли ёшни жам қилган фестивал аввалида матбуот анжумани ўтказилди.
Дастлаб “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Шукуров, фестивални ташкил этишдан кўзланган мақсад, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази директори ўринбосари Хайрулла Зикриллаев эса, айни пайтда Республикамизда 1556 та ўрта махсус касб-ҳунар коллежи ва академик лицей фаолият юритаётгани ўқув дарсларидан ташқари турли танловлар ташкиллаштирилиб, натижада кўплаб иқтидорли ёшлар кашф этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Фикр-мулоҳазаларга бой ўтган анжуман якунида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.
Тарихчи олимлар, элимиз ардоғидаги устоз санъаткорлар ва фестивал иштирокчилари ўртасида “Темур тузуклари” китоби юзасидан мулоқот ўтказилди.
Учрашувдан сўнг Темурийлар тарихи давлат музейининг 3D форматдаги электрон диски тақдимоти бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали Тошкент шаҳрида 12 август кунига қадар давом этади.