Нидерландияликлар Дубайда антиқа уйларни барпо этиш ғоясини илгари суришди
Ҳолландиялик архитекторлар Дубайда сузувчи уйлар флотилиясини барпо этиш ташаббуси билан чиқишди. Лойиҳа, шу йилнинг 6-8 сентябрь кунлари Dubai World Trade Centre биносида бўлиб ўтажак Cityscape Global кўргазмасида намойиш этилади, деб хабар қилмоқда «Русские Эмираты» сайти.
Сузувчи уйлар концепцияси Нидерландиянинг New Living on Water компанияси томонидан кемасозлик, мураккаб архитектура лойиҳаларини лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи муқобил энергия билан шуғулланувчи саноат конгломерати CIG фирмаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
«Бугунги кунда кўплаб одамлар аҳоли зич ҳудудларда истиқомат қилади. Бироқ, якка тартибда яшаш ва табиат қўйнида ёлғиз қолиш истаги инсонни ҳеч қачон тарк этмайди», — дейди компания эгаларидан бири ва бошқарувчи директори Менно де Роос.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Яқин шарқ минтақасида сузувчи уйларни сотишдан биринчи йилнинг ўзида 50 млн даромад кўриш мумкин. Кейинчалик бу рақам икки мартага кўпайиш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Cityscape Global — дунёнинг кўчмас мулк соҳасидаги энг йирик анжумани ҳисобланади. 2015-йили унда намойиш этилган экспозициялар майдони 41 минг квадратни ташкил этган, 47 минг киши ташриф буюрган.