Ўзбекистон | 18:38 / 11.08.2016
5381
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ишламасдан турган кичик корхоналар фаолиятини тиклаш йўналишида 70,6 фоизга уддаланган

Термизда 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларининг Сурхондарё вилоятидаги ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари билан ўзаро боғлиқ ҳолда вилоят, туман ва шаҳар ҳудудий бандлик дастурлари ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан тасдиқланган. 2016 йилга мўлжалланган мазкур дастурга мувофиқ, вилоятда 67 минг янги иш ўрни яратилган. Янги иш ўринларининг 26 минг 446 таси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида воҳада ташкил этилган 37 бўш иш ўринлари  меҳнат ярмаркаларида 2 минг 709 корхона, ташкилот ва муассаса 11 минг 210 бўш иш ўрни билан иштирок этди. 1 минг 361 фуқаро хўжалик юритувчи субъектлар билан бўш иш ўринларига ишга жойлашиш учун шартнома тузди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар аҳолининг бандлик масаласини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Хусусан, олти ойда вилоятдаги молия муассасалари томонидан соҳага ажратилган 388 миллиард 500 миллион сўм кредит эвазига 7 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилган. Термиз, Денов, Жарқўрғон, Олтинсой туманларидаги тижорат банкларининг 641 кичик корхона ва микрофирмани молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратган 126,2 миллиард сўм кредит маблағи ҳисобидан 2 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.

Вилоятда дастурда белгиланган олти ойлик асосий параметрлар бажарилган бўлса-да, саноатда режа 78,4 фоизга, туризм соҳасида атиги 9,5, ишламасдан турган кичик корхоналар фаолиятини тиклаш йўналишида 70,6 фоизга уддаланган. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласида ҳам айрим камчиликлар мавжуд.