Украина қуролли кучлари бош штаби: ФХХ ва Путиннинг тасдиқлари – сафсата
Украина қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Виктор Муженко Украина қуролли кучларининг Қрим билан маъмурий чегара ҳудудида вазифаларни бажараётган бўлинмалари ва ҳарбий қисмлари кучайтирилган жанговор тайёргарликка келтирилаётгани, тегишли гуруҳнинг сони оширилганини маълум қилди. Муженко бу ҳақда президент Пётр Порошенко ҳузуридаги мажлисда айтиб ўтди.
У шунингдек Украина томонидан вақтинчалик босиб олинган Қримнинг ўққа тутилиши ҳақидаги тасдиқларни сафсата деб атади. "Бу сафсатадир ва ҳақиқатга тўғри келмайди. На артиллерия тизимлари, на бошқа қуролдан ўт очилмаган. Буни исталган ҳарбий ёки бу ҳудудда яшовчи одам тасдиқлаши мумкин, чунки артиллерия овози анчагина масофадан эшитилади", деб айтди Муженко.
Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Валерий Кондратюкнинг айтишича, Қримда россиялик ҳарбийлар ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимлари ўртасида отишма юз берган.
10 августда Россия Федерал хавфсизлик хизмати украиналик ҳарбийларнинг Қримга ҳужум қилишга урингани ҳақида хабар берган. Россия президенти Владимир Путин бунга изоҳ бериб, Украина ҳукуматини террорда айблаган.