Берлускони "Милан" мухлисларига мурожаат қилди
"Милан" президенти Сильвио Берлускони жамоа мухлисларига жамоанинг сотилиши муносабати билан мурожаат қилди.
Ўтган ҳафтада клуб акцияларининг 99,93 фоизлик қисми хитойлик инвесторларга ўтиши маълум бўлганди. Хитойликлар Берлускони томонидан асос солинган Fininvest компаниясига 740 млн евро тўлашади. Улар шунингдек клубнинг 220 млн евро миқдоридаги қарзларини ёпиб, жамоа ривожланиши учун 3 йил давомида 350 млн евро инвестиция киритишади. Якуний келишув ноябрь ойида имзоланиши кутилмоқда.
"30 йил аввал мен "Милан"ни меҳр билан сотиб олган эдим. Энди уни ўша меҳр билан сотяпман. Мен клубни унга жиддий маблағ сарфлайдиган гуруҳга ишондим. Энди жамоа яна дунёнинг энг кучли жамоалари билан рақобатлаша оладиган бўлади.
Албатта, қайғудаман. Лекин мени хотиржам қиладиган жиҳат ҳам бор, бу қарор "Милан" фойдаси учун хизмат қилади. Мен жамоамизнинг энг содиқ мухлиси бўлиб қоламан.
Бу 30 йиллар қалбимда қолади. Бу хотираларни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Мен ишонаманки, тез орада "Милан"нинг янги муваффақиятларини нишонлаймиз. "Россонери"ларнинг ҳар бир мухлисини қучиб қоламан", деган у.
Манба: Tribuna.uz