Жаҳон | 23:45 / 12.08.2016
7998
1 дақиқада ўқилади

Эстонияга АҚШнинг қирувчи самолётлари етиб келди

Фото: © AP

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг 12 та F-15C қирувчи самолёти Эстония пойтахти Таллин яқинидаги Эмари авиабазасига 15 августда бошланадиган биргаликдаги машғулотларда иштирок этгани келди, деб маълум қилди Эстония мудофаа вазирлиги бош штаби.   

F-15C самолётлари АҚШ ҲҲКнинг Европадаги қўмондонлигининг 493-қирувчи эскадрильяси таркибига киради. Бу эскадрилья Британиядаги Lakenheath авиабазасида жойлашган.

"Бошланаётган биргаликдаги машғулотлар АҚШ бизнинг минтақа хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз ваъдаларига жиддий қарашини кўрсатади", деб айтди Этония ҲҲК штаби бошлиғи подполковник Тоомас Суси.

2 сентябргача давом этадиган машғулотларда шунингдек Руминиядаги Campia Turzii авиабазасидан келадиган яна 4 та F-15C, Буюк Британия ҲҲКнинг Болтиқбўйи давлатлари ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш бўйича миссияни бажарувчи 4 та Eurofighter Typhoon қирувчи самолёти, Эстония ҲҲКнинг L-39 машғулот самолётлари ҳамда Эмаридаги ҳаво операцияларини бошқариш маркази ҳарбийлари иштирок этадилар.