Жамият | 17:55 / 12.08.2016
10703
5 дақиқада ўқилади

Фарғона: эришилган ютуқлар сарҳисоби

Фарғона вилояти туман ва шаҳарларида ҳам Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳудуд мутлақо янги, кўркам қиёфа касб этди.

Мана бу рақамларга бир эътибор беринг: Фарғона шаҳрида 2011-2015 йилларда 1,5 триллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда автомобиль йўллари тизимини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилган ишлар айниқса диққатга сазовордир. 

Катта ҳалқа йўлининг Аэропорт кўчасида қайта қуриш ишлари якунланди. Янги барпо этилган ва узунлиги 14,2 километрлик кичик ҳалқа йўли тўлиқ реконструкция қилинди. Шаҳарнинг Аэропорт, Ал-Фарғоний, Қувасой, Алишер Навоий, Мустақиллик кўчаларида реконструкция ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Сайилгоҳ, Эътиқод, Қашқар, Форобий кўчалари, Мустақиллик кўчасининг Фарғона – Водил йўналишидаги автомобиль йўлларида реконструкция ва тўлиқ таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. 

Шаҳарда янги кўприклар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича белгиланган дастур доирасида Марғилонсой каналини кесиб ўтувчи 12 ва бошқа йўллардаги 5 кўприкда 2,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Марғилонсой ўзанини реконструкция қилиш, икки қирғоғида ҳимоя воситалари ўрнатиш, пиёдалар йўлакчалари, ёритиш тизими барпо этиш  ишлари амалга оширилди. 

Ҳаётбахш ўзгаришлар туфайли Фарғона шаҳрининг янги маъмурий-маданий марказлари шакллантирилди. Қувасой кўчасида минг ўринли муҳташам вилоят Театр-концерт саройи фойдаланишга топширилди.

Бугун ушбу масканга келган ҳамюртларимиз нафақат маданий дам олади, балки 40 гектар майдондаги 11 мингдан ортиқ табиат олами манзараларидан завқ олади, мириқиб ҳордиқ чиқаради. Ҳудуд манзарасига узукка қўйилган кўздек мос тушган каштан, дуб, акация, сосна, софора, айва, қарағай, лола дарахти каби манзарали дарахтлар баравж ривожланмоқда.

Янгидан қуриб битказилган 500 ўринли лазер-шоули амфитеатр, Алишер Навоий, Оқариқ, Қувасой, Ўзбекистон овози кўчалари кесишган жойдаги 4 ёриткичли мусиқали фавворалар юртдошларимизнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда. 

Ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғи тўлиқ реконструкция қилинди ва бу ерда болалар учун қўғирчоқ театри биноси янгидан қурилди. Сайилгоҳ ва Мустақиллик кўчалари орасидаги Болалар боғини реконструкция қилиш, замонавий аттракционлар ўрнатиш, музқаймоқ ва яхна ичимликлар шохобчаси, совғалар дўконини қуриш ишлари якунланди. Қувасой кўчасидаги собиқ Тўқимачилар боғи ўрнида болалар учун аттракционлар мажмуаси барпо этилди. Қиргули мавзесида болалар хиёбони ташкил этилди, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи қошида янги спорт мажмуаси қуриб битказилди.

“Фарғона” халқаро аэропортида ҳам кенг кўламли қурилиш- ободонлаштириш ишлари бажарилди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши маъмурий биноси мукаммал таъмирланди. Шаҳар марказидаги “777”, “Зиёрат”, “Дўстлик”, “Шарқ” меҳмонхоналари реконструкция қилинди. Қувасой, Марғиноний, Форобий, Аэропорт, Маърифат кўчаларидаги эски бинолар, собиқ “Фуран кимё бирикмалари” ва “Фарғонагазаппарат” заводлари ўрнида 70 дан зиёд кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Жаҳон андозалари даражасида қад ростлаган 20 минг ўринли “Истиқлол” стадиони фарғоналик футбол мухлисларига чинакам туҳфа бўлди. Стадион ҳудудига 3,5 мингдан зиёд ноёб манзарали дарахтлар экилди, хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этилди. 

Шаҳарнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳам замонавий тараққиёт мезонлари асосида ривожланиши таъминланди. Хусусан, электр тармоқлари тизими, моддий-техник таъминот базаси, электр тармоқлари қурилмалари ва бино иншоотлари тўлиқ таъмирланди.

Шаҳарда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредити ҳисобидан 55 километр сув тармоғи реконструкция қилиниши туфайли 140 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Мавжуд ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди. 27 километр ичимлик суви тармоқлари янгидан ётқизилди. 8 километрлик газ қувурлари алмаштирилди.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари доирасида шаҳарнинг кўкаламзорлаштирилган майдонлари 100 гектардан ошди. Шаҳарнинг марказий қисмида 30 мингдан ортиқ каштан, дуб, қрим қарағайи, япон софораси каби манзарали дарахтлар ва бутазорлар парваришланмоқда. Мустақиллик ва Ал-Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида Каштанзор кўчаси яратилди. Барча кўчалар, яшил майдонларда ҳудуднинг ўзига хос иқлим мўътадиллигини таъминловчи ноёб манзарали дарахтлар экилиб, гулзорлар барпо қилингани  вилоят марказига янада  чирой бағишлади.