Жаҳон | 07:38 / 12.08.2016
5547
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия алоқа операторлари мессенжерларни назорат қилувчи қонун лойиҳасини тайёрламоқдалар

Фото: news.sputnik.ru

Таркибига Россиянинг йирик алоқа операторлари кирувчи Медиа-коммуникация иттифоқи мессенжерларни назорат қилувчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Бу ҳақда матбуотга иқтибос келтирган ҳолда RNS хабар бермоқда.   

Операторлар алоқа ва ОАВ ҳақидаги қонунларга тузатишлар тайёрлашди. Бу тузатишлар "интернетда ахборот тарқатишни ташкиллаштирувчи" исталган компания фойдаланувчилар билан шартнома тузиб, уларни идентификация қилиши кераклигини англатади. Бундан ташқари, улар Россия қонунчилиги талабларига зид бўлган ахборотни сақловчи хабар ва мақолаларни тўсишлари керак бўлади.

Ахборот демократияси фонди президенти Илья Массух ушбу қонун лойиҳасига изоҳ бериб, мессенжерларни назорат қилиш учун барча талаблар депутат Ирина Яровая ва сенатор Виктор Озеровнинг қонунларга аксилтеррорчилик тузатишлари пакетида борлигини таъкидлаб ўтди. Бироқ унинг айтишича, операторлар мессенжерларда ёзишмаларни шифрловчи калитларга эга эмаслар, шунинг учун контентнинг мазмунини назорат қилиш ва жумладан ноқонуний контентни аниқлаш муаммо бўлади.   

Нашр маълумотларига кўра, қонун лойиҳаси кузда кўриб чиқилади.