Рамзон Қодиров қўшиқчи Наргизни меҳмонга таклиф қилди
Россия телевидениесида эфирга узатиладиган "Голос" шоуси иштирокчиси, собиқ ўзбекистонлик хонанда Наргиз Зокирова Facebook’даги саҳифасида Рамзон Қодировникида меҳмон бўлганини маълум қилди. Қўшиқчи ўз хабарига Қодиров билан бирга тушган суратини илова қилган.
Чеченистон раҳбарининг қароргоҳида олинган суратлардан бирида ўзининг очиқ кийиниши билан таниқли бўлган Наргиз узун кўйлакда, бошида ҳижобга ўхшатиб ўралган рўмол билан суратга тушган. Қўшиқчи Чеченистонга ташрифи сабабларини маълум қилмаган.
"Мен сиз бизга уюштирган ҳашаматли қабул учун чексиз миннатдорман, мен сизнинг ажойиб халқингиз, маданиятингиз ва анъаналарингиз билан умрбод қадрдонлашдим. Сизнинг ерингизда мен ўзимни уйимдагидек ҳис қилдим", деб ёзди Наргиз.
Эслатиб ўтамиз, Наргиз Зокирова Тошкентда туғилган. 1995 йилда АҚШга кўчиб кетган. У 2014 йилда "Голос" мусобақасининг ғолиби бўлгандан кейин эл оғзига тушган.