Шанхайдаги янги "Диснейленд" икки ойдан камроқ вақт ичида 1 млндан кўпроқ одам қабул қилди
Хитойдаги энг катта кўнгилочар боғ – Шанхайдаги "Диснейленд" ўз ишини бошлаган икки ойдан камроқ вақт ичида 1 млндан кўпроқ одам қабул қилди. Бу ҳақда Хитой халқаро радиоси маълум қилди.
"Биз 16 июнда очилганимиздан бери 1 млн дан кўпроқ одамни қабул қилдик. Улар биз кутгандан ҳам кўпроқ таассуротларга эга бўлишди", деб айтди The Walt Disney бош директори ва президенти Роберт Айгер. Унинг таъкидлашича, меҳмонхоналарнинг юкланганлиги 95 фоиз даражасида барқарор қолмоқда.
Боғ шаҳарнинг Пудун туманида жойлашган ва 3,9 квадрат километр майдонни эгаллайди. У шунингдек қитъадаги Хитойда қурилган биринчи "Диснейленд" ҳисобланади. Боғга иш кунлари кириш чиптаси нархи 370 юанни (56 доллар) ташкил қилади, бироқ дам олиш кунлари унинг нархи 499 юангача (76 доллар) етади.
Аввалроқ боғ вакиллари унга фаолиятининг биринчи йили 12 млн киши келишини, келгусида эса бу рақам ҳар йили 3-5 млн га ошишини прогноз қилгандилар. Компанияда таъкидланишича, боғ йилига тахминан 4,4 млрд юан (667,9 млн доллар) фойда келтиради. Боғнинг Хитой сайёҳлик соҳасига келтирадиган иқтисодий самараси 35 млрд юан (5,3 млрд доллар) атрофида баҳоланмоқда.
Боғ бир неча тематик ҳудудларга бўлинган: "Саргузаштлар ороли", "Орзу боғи", "Микки проспекти", "Келажак мамлакати", "Хазиналар Ғори" ва "Орзулар мамлакати". Боғ ташкилотчиларининг айтишича, бу ердаги Уйқудаги Гўзал қасри бундай иншоотлар орасида энг баланди ҳисобланади.
Боғ хитойлик ва америкаликларнинг биргаликдаги лойиҳаси ҳисобланиб, у маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг ғоялари асосида яратилган. Лойиҳа муаллифлари Walt Disney компанияси ва унинг хитойлик ҳамкори Shanghai Shendi Group ҳисобланади. Улар боғнинг қурилишига биргаликда 5,5 млрд долларлик сармоя киритишган. Унда Walt Disney’нинг улуши 57 фоизни ташкил қилади, қолгани эса Хитой компаниясига тегишли.