Nissan энг кичик моделини автопилот билан жиҳозламоқчи
Nissan автомобилсозлик компанияси 2026 йилгача ўзининг кичик ўлчамли ва арзон модели Micra’ни ProPilot автоном бошқарув тизими билан жиҳозламоқчи. Бу ҳақда компаниянинг ҳайдовчисиз машиналарни ишлаб чиқиш бўлими раҳбарларидан бири Стюарт Каллегари маълум қилди.
"Айни вақтда В-сегментдаги кўпчилик автомобиллар механик узатмалар қутиси билан буюртирилади. Бироқ фикримизча, вақт ўтиши билан бу тенденция ўзгаради ва бу бизга кичик машиналар учун ProPilot тизимини таклиф қилишимизга имкон беради", деб айтди Каллегари.
Биринчи авлоддаги ProPilot тизими Serena минивэнида илк марта қўлланган. Функция олдинда кетаётган машиналар ва йўлдаги чизиқларни кузатиб борувчи камера ёрдамида ишлайди. Рул бошқаруви, акселератор ва тормозга жавоб берувчи автопилот 30 км/соатдан 100 км/соатгача тезлик оралиғида ишлайди.
2017 йилдан ProPilot тизими билан Qashqai кроссоверининг европача варианти жиҳозланади. 2018 йилда унинг иккинчи авлоди пайдо бўлади, у эвазига автомобиллар ҳаракат полосаларини мустақил ўзгартира оладилар. 2020 йилда японияликлар 3.0 версиясидаги ProPilot тизимини тайёрлашади, у шаҳар трафигида ҳайдовчисиз ҳаракатланишга имкон беради.
2020 йилгача Renault-Nissan альянси ҳайдовчисиз бошқарув функциясига эга бўладиган камида 10 та автомобилни серияли тарзда ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.