Сингапурлик сузувчи Майкл Фелпсни олтиндан маҳрум этди
Сингапурлик сузувчи Жозеф Скулинг 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича Олимпиада-2016нинг олтин медалига сазовор бўлди.
Жозеф финал босқичида 50.39 сония натижа кўрсатиб, барча рақибларини ортда қолдиришнинг уддасидан чиқа олди. Шу билан у янги Олимпия рекордини ҳам ўрнатди. Олимпия ўйинлари тарихида илк маротаба бирданига уч спортчи: 22 карра Олимпиада ўйинлари чемпиони америкалик Майкл Фелпс, жанубий африкалик Чад ле Кло ва Венгрия вакили Ласло Чех (барчаси - 51.14 сония) иккинчи ўринга сазовор бўлган.
Скулинг 2015-йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори ҳисобланади. Бундан ташқари, 2014-йилги Осий ўйинларида ғолиб бўлган. Сузувчи 2012-йилги Лондон Олимпиадасида ҳам Сингапур шарафини ҳимоя қилган. Бироқ, ўшанда Жозеф 26-ўрин билан кифояланган эди.
Сузувчи шу билан яна бир тарихий натижани қайд этган. У, 1948-йилдан Олимпия ўйинларида қатнашиб келадиган Сингапур миллий терма жамоаси тарихидаги илк олтин медаль соҳибига айланган.