Жамият | 22:18 / 13.08.2016
7114
2 дақиқада ўқилади

Швеция таълим вазири маст ҳолатда машина ҳайдагани учун истеъфога кетди

Фото: rg.ru

Швеция таълим вазири 29 ёшли Аида Хадзиалич полиция уни маст ҳолатда машина ҳайдашда тутиб олгандан кейин истеъфога кетишини эълон қилди. Хадзиалич мамлакатдаги энг ёш вазир ҳисобланарди. Бу ҳақда Dagens Nyheter нашри маълум қилди. 

Хадзиалич бўлиб ўтган воқеани "ҳаётидаги энг катта хато бўлганини" айтди. "Одамларнинг мендан қанчалик кўнгиллари қолганини тушунаман, мен ўзимдан жаҳлим чиқяпти ва жуда афсусдаман", деб айтди вазир 13 августдаги матбуот-анжуманида. 

Мамлакат бош вазири Стефен Лёвен Хадзиаличнинг истеъфосини қабул қилди ва унинг ўрнига вақтинчалик вазирни тайинлади.

Воқеа 11 августда кечки пайт юз берди. Хадзиалич Копенгагендаги концертдан Швециянинг Мальмё шаҳрига машинасида кетаётганда йўл полицияси томонидан тўхтатилган. Аёлнинг қонида 0,2 промиле миқдорда алкоголь борлиги аниқланган. 

Аниқланишича, вазир машина рулига ўтиришдан бироз аввал икки бокал вино ичган. У алкоголь тез орада тарқаб кетади деб ўйлаган.

Босния миллатига мансуб Хадзиалич таълим вазири лавозимини 2015 йилда 27 ёшида эгаллаган ва Швеция тарихида ҳукуматнинг энг ёш аъзосига айланганди.