Жаҳон | 21:38 / 14.08.2016
16549
2 дақиқада ўқилади

"Боко харам" террорчилари 2 йил аввал ўғрилаб кетилган ўқувчи қизлар видеосини чоп этди

Фото: © AFP

Нигерияда ҳаракат қилувчи "Боко харам" террорчилик гуруҳи 2014 йил апрелда Чибок шаҳридан ўғрилаб кетилган нигериялик ўқувчи қизлар видеосини чоп этди.  

Хорижий ОАВ маълум қилишича, жангарилар видеони YouTube’да жойлаштирган. Видеода ҳижобда бўлган  50 га яқин қиз "Боко харам" жангариси ортида тургани тасвирланган. Жангари қизларни террорчилик гуруҳининг ҳибсда ушлаб турилган аъзоларига алмашишни талаб қилган. Қизлардан бири қўлида чақалоқ ушлаб олган бўлган, бу эса қизлар террорчилар томонидан жинсий зўравонликларга учраган бўлишлари мумкинлигини тасдиқлайди.  

Жангарилар аввалроқ ҳам шундай таклиф билан чиққан. Бироқ ҳукумат рад жавобини берган. Навбатдаги мурожаат қизларнинг яқинларига йўналтирилган бўлиб, жангарилар ўз талабларининг бажарилиши учун одамларга ҳукуматга таъсир қилишни таклиф қилган.

Видео чоп этилгандан кейин Нигерия ҳукумати жангарилар билан алоқага чиққан.

"Бу иш бўйича бизга кўплаб маротаба мурожаат қилинган. Биз алоқага чиққан одамлар, ҳақиқатда ўзлари айтаётган одамлар эканига ишонч ҳосил қилмоқчимиз", деб айтди Нигерия ахборот вазири Лаи Муҳаммад.

2014 йил апрелда жангарилар Чибокдаги лицейдан 276 ўқувчи қизни ўғрилаб кетган. Кейинроқ улардан 57 нафари қочишга муваффақ бўлган. Қолган қизлар террорчилар қўлида қолмоқда. Аввалроқ жангарилар қизларни зўрлаб турмушга берган ёки қулликка сотиб юборган бўлиши мумкинлиги маълум қилинганди.