Флойд Мейвезер Рио-де-Жанейродаги бокс мусобақалари финал баҳсларини кузатиш учун келди
Бокснинг 5та вазн тоифаси бўйича собиқ жаҳон чемпиони, 39 ёшли америкалик Флойд Мейвезер (49-0) Олимпиада жангларини бевосита томоша қилиш учун Рио-де-Жанейро шаҳрига етиб келган. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар тарқатган.
Мейвезер VIP-ўринни рад этиб, жангларни мухлислар қаторида томоша қилишни танлаган.
Матбуотда ёзилишича, у Бразилияга ўзининг Mayweather Promotions номли промоутерлик компаниясига ёш боксчиларни жалб этиш мақсадида (скаутинг) келган. Буни у ўзининг инстаграмдаги саҳифасида ҳам билдирган. У бокс аренасида туширилган сурати остига шундай ёзган: «Олимпия ўйинларида, бўлажак чемпионларни излаб».
Америкаликнинг эътибори британиялик Жо Жойсга қаратилган. У Кабо-Верде вакили Дэвилсон Мораишни нокаут билан енгганди.
У барча вазн тоифаларидаги финал жангларини томоша қилади. Жумладан, бугун -49 килограммгача вазн тоифасида колумбиялик Мартинесга қарши рингга чиқадиган ўзбекистонлик Ҳасанбой Дўстматовнинг иштирокини ҳам.
Маълумот учун, ўзбекистонлик профессионал боксчи Санжар Раҳмонов айнан Флойд Мейвезер промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаган бўлиб, жангларини шу компания номидан ўтказиб келади.
Флойд Мейвезер ўтган йилнинг сентябрида 66,7 кг вазн тоифасида 32 ёшли америкалик Андрэ Берто (30-4)ни мағлуб этгач, боксчилик фаолиятини якунлаганди. Мейвезер 1996 йили Атлантада ўтган Олимпия ўйинларида бронза медаль совриндори бўлганди.