Жаҳон | 08:34 / 14.08.2016
6291
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда теракт оқибатида 11 киши яраланди

Фото:day.az

Ҳиндистонда Жамму ва Кашмир штатининг Пунч округидаги гавжум бозорда теракт содир этилди. Номаълум кимсалар оломон орасига қўлбола бомба улоқтирган.

Портлаш оқибатида камида 11 киши яраланди, улар асосан маҳаллий зиёратгоҳлардан бирига кетаётган зиёратчилар бўлган. Яраланганлардан 3 нафарининг аҳволи оғир эканлиги маълум қилинган.

Теракт учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч қайси бир террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олмаган.

Штатдаги вазият ҳинд хавфсизлик кучлари "Ҳизб-ул-Мужаҳиддин" айирмачилик гуруҳининг етакчиларидан бири бўлган Бурҳон Музаффар Ванийни ўлдирганларидан кейин кескинлашиб кетди.

Ҳиндистон ва Покистон 1947 йилдан бери Кашмир ҳудудига эгалик қилиш учун баҳслашиб келади. Айнан 1947 йили Ҳиндистон мустақилликка эришгач, диний аломатига кўра иккита давлатга бўлиниб кетган.