Спорт | 01:39 / 15.08.2016
20517
2 дақиқада ўқилади

Чемпионнинг интервьюси: "Президентимиз, 30 миллионлик ўзбек халқи ва оила аъзоларим мени қўллаб-қувватлаб туришганини билардим"

Рио-2016 олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоасига илк олтин медални олиб берган боксчи Ҳасанбой Дўстматов чемпионликдан кейинги илк интервьюсини берди.

“Қалбимдан кечаётган барча ҳиссиётларимни изоҳлаб бериш жуда қийин. Мен жуда ҳам бахтлиман ва олтин медаль тақишимни интиқлик билан кутяпман.

Аввалам бор, мен ўз юртимга бўлган чексиз муҳаббатимни изҳор этаман. Чунки биламан, менинг оилам, давлатимиз раҳбари ва бутун халқим Ўзбекистонда кеч бўлганига қарамай, бу онларни томоша қилишмоқда. Ўттиз миллион инсон бу лаҳза келишини кутди.

Биламан, оилам менинг бу ютуғимдан жуда ҳам хурсанд. Чемпион бўлганимдан бениҳоя ҳаяжондаман. Олимпиада ўйинларидаги ажойиб тажриба учун Рио-де-Жанейрога ўз миннатдорчилигимни билдираман” – дейди ғалаба онларидан боши кўкка етган Дўстматов Аiba нашрига берган интервьсида.

Бугун Рио-Олимпиадасининг бокс бўйича мусобақасида биринчи финал баҳси ўтказилди. Ҳасанбой Дўстматов Колумбия вакили Юберхен Мартинес Ривасни 3 раундлик жанг натижасида очколар ҳисобига кўра мағлуб этди ва олтин медаль соҳибига айланди.

Кумуш медаль Мартинезга, бронза медаллар эса америкалик Мигел Эрнандес ва кубалик Аргилагосга топширилди.