Спорт | 01:12 / 15.08.2016
26671
2 дақиқада ўқилади

Рио-2016. Ўзбекистон терма жамоаси ҳисоби яна бир медаль билан бойиди

Юнон-рум курашчилари Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна бир медални келтирди. Энг енгил вазн тоифасида (59 кг.) баҳсларда иштирок этган Элмурод Тасмурадов бронза медалини қўлга киритди. 

У учинчи ўрин учун беллашувда қирғизистонлик Арсен Эралиевга қарши гиламга чиқди. Дастлабки бўлимда Тасмуратов 5-0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Иккинчи бўлим бошидаги бироз эътиборсизлик туфайли қўшни юрт спортчиси иккита услуб орқали 6 очко ишлади. 

Шундан сўнг Элмурод фаол курашишга ҳаракат қилди. Рақибнинг пассивлиги эвазига иккита огоҳлантириш туфайли ҳисоб тенглашди — 6:6. Ҳакам эса ўзбек курашчисини партерда юқорига қўйди ва Тасмурадовдан ундан самарали фойдаланиб 4 балл ишлади. Баҳс сўнгида рақибнинг хатосидан фойдаланган Тасмурадов яна 2 очко ишлади. Қирғизистонликлар аппеляция беришди, аммо унда ютқазишди. Натижада яна бир балл ўзбекистонлик атлет ҳисобига ёзилди — 13:6.

Ўзбекистон делегациясидаги умумий медаллар сони 5тага етди. Бу тўртинчи бронза медали бўлди. Аввалроқ Ҳасанбой Дўсматов олтин медалга сазовор бўлганди.

Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси битта олимпиадада бронза олиш бўйича рекордини янгилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш