Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки кредит портфели 11 триллион сўмни ташкил қилди
Тошкентда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда банк ҳамда унинг ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси масъул ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
1992 йилда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки дунёдаги саксондан зиёд банк-молия муассасалари билан ҳамкорлик қилган бўлса, бугунги кунда банкнинг вакиллик тармоғи қарийб етти юзга яқин халқаро молия муассасасини қамраб олган. Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, ОПЕК фонди, Япония халқаро ҳамкорлик банки, Германиянинг KfW банки, Корея Эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки сингари етакчи хорижий банк-молия муассасалари кредит йўналишлари жалб қилинган.
Банк тизимида қўлга киритилаётган натижалар “Moody’s Investors Service” ҳамда “Standard&Poor’s” нуфузли халқаро молия институтлари томонидан эътироф этилмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида “Moody’s Investors Service” халқаро рейтинг агентлиги томонидан банкка “барқарор” рейтинг прогнози берилди.
2016 йилнинг 1 июль ҳолатига банк активлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ўсиб, 18 триллион сўмни ташкил этган. Кредит портфели 11 триллион сўмни ташкил қилгани ҳолда уларнинг 91 фоизи узоқ муддатли инвестиция кредитлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга кўмаклашиш банкнинг доимий диққат марказида. Ўтган йилда ушбу йўналишда 1 триллион 800 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 1 триллион 300 миллиард сўмдан ортиб, беш мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида жамғарма томонидан маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш юзасидан 1 минг 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатилган. Натижада умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланиб, улар доирасида 379 тадбиркор 643 миллион долларлик экспортни амалга оширган.
Жамғарма билан ҳамкорлик қилаётган тадбиркорлар йил сайин кўпайиб бормоқда. Экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажми 26 фоиз ўсган. Жорий йилнинг охирига бориб, 4 минг тадбиркорга кўмак кўрсатиш, экспорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошириш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида мутахассислар оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб қайтарди.