Тошкент аэропортида юкларни автоматик сканлаш тизими йўлга қўйилди
«Тошкент» халқаро аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида юкларни автоматлаштирилган ҳолда скан қилиш тизими жорий қилинди, деб хабар қилинган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК сайтида.
Бу йўловчиларнинг юкларини олиш вақтини қисқартиради.
Янги автоматлаштирилган тизим шу йилнинг апрель ойида жорий қилинган бўлиб, қисқа давр мобайнида ижобий самара берган. Хусусан, юкларни кутиб туриш вақти қисқарган, йўловчиларнинг юклари йўқолгани, зарарлангани ва ёки етишмаётгани ҳақидаги мурожаатлари сони ҳам камайган.
Ушбу тизим, маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси маҳсулоти бўлиб, жаҳон меъёрларига тўлиқ мос келади. Унинг аэропорт видеокузатув тармоғи билан боғлангани исталган юк қаерда эканини аниқлаш ва унга кимлар тегинганини аниқлаш имконини беради. Бугунги кунда, юкларни автоматик равишда скан қилиш ва ҳисобга олиш ишлари аэропортга қўнган самолётларда етиб келган юклар билан ўтказилаётган бўлса-да, ушбу тизимни учаётган парвозларга нисбатан қўллаш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Хабарда ёзилишича, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК йўловчилари янги тизимнинг устунликларини сезишган бўлса ажаб эмас. Бу эса, Тошкент аэропортидаги юкларни қайта ишлаш тизимини яхшилаш борасидаги жиддий лойиҳанинг дастлабки босқичидир. Янги тизимдан фойдаланиш чоғида қўлга киритилган малака ва тажриба «Тошкент-4» янги халқаро аэропортини барпо этишда самара бериши шубҳасиз.