Жамият | 15:07 / 15.08.2016
7850
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда

Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимларини таъмирлаш ва модернизация қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Иссиқлик энергияси сарфини тежаш мақсадида эскирган иссиқлик тармоқлари алмаштирилиб, қозон ва насос ускуналари таъмирланмоқда

Ўзбекистон пойтахтида марказий иссиқлик таъминоти тизимига уланган 13 мингдан зиёд бино мавжуд. Ўзбекистон президентининг 2016 йил 10 июндаги Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2016-2017 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ҳозирги кунда иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин бормоқда. 

«Тошиссиққувати» унитар корхонаси ишлаб чиқариш бирлашмасидан маълум қилишларича, шаҳар иссиқлик таъминоти тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини назорат қилиш тизими такомиллаштирилмоқда. Жорий йилда барча иссиқлик тарқатиш марказлари, маҳаллий қозонхона ва иссиқлик тармоқлари ускуналари ҳолати ўрганиб чиқилди. Олинган маълумотлар асосида иссиқлик таъминоти тизимларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва уларни модернизация қилишга қаратилган тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 

Бу борада маҳаллий қозонхоналар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки пойтахтимиздаги бир неча туманларнинг иссиқлик таъминоти айнан маҳаллий қозонхоналар фаолиятига боғлиқдир. Бунда маҳаллий қозонхоналардаги эски иситиш қозонларини ресурс тежайдиган замонавий ускуналарга алмаштириш устувор вазифа этиб белгиланган. Айни пайтда олтита қозон янгисига алмаштирилиб, 10 қозон капитал таъмирланди, 379 қозонхонада жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Иссиқлик энергиясини ташишда унинг сарфини камайтириш мақсадида 23,1 километрлик иссиқлик тармоқлари қайта ётқизилди. Бундан ташқари, 387,2 километрлик иссиқлик тармоқлари канали капитал таъмирланди, 80,5 километрлик ҳаво иссиқлик тармоғи қувурларининг иссиқлик изоляцияси қайта тикланди, 4 насос станциясида капитал таъмирлаш ишлари якунланди. 

Энергия ва ресурс тежаш мақсадида Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Олмазор ва Юнусобод туманларида кўп қаватли турар жойлар, таълим ва мактабгача таълим муассасалари, спорт ва ижтимоий объектлар уланган маҳаллий кичик қозонхоналарни қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Биноларни иситадиган ягона иссиқлик комплекси бўлган ушбу қозонхоналар бевосита иситиладиган объектлар яқинига жойлаштирилмоқда. 

Сув иситадиган барча асосий ускуналар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган. Замонавий энергия ва ресурс тежайдиган қозонлар сув ҳароратини белгилаш ва бошқариш, об-ҳаво ўзгаришига қараб уни ўзгартириш имконини берадиган аниқ ўлчов мосламалари билан таъминланган. Бу иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва узатишда сарфланадиган газ, электр энергияси ва сувни тежашга хизмат қилмоқда. 

«Тошиссиққувати» унитар корхонаси ишлаб чиқариш бирлашмасининг туман бошқармалари томонидан иссиқлик тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Авария-қутқарув бригадаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, уларни замонавий ускуналар, материал ва техника билан таъминлаш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ҳар бир туманда носозликларни тезкор бартараф этиш учун барча зарур ускуналар билан таъминланган ва куну тун ишлайдиган авария-қайта тиклаш бригадалари фаолият юритмоқда. Шунингдек, иссиқлик тармоқларидаги носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, қидирув вақтини қисқартириш мақсадида иссиқлик сирқиб кетиш жойларини аниқлайдиган кўчма лаборатория ишламоқда. 

Коммунал хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Пойтахтимиз иссиқлик таъминоти тизимини модернизция қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш шундай эзгу мақсадга қаратилган.