Ўзбекистон | 19:29 / 15.08.2016
6172
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан навбатдаги тиббий-ижтимоий акция бошланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида навбатдаги тиббий-ижтимоий акция бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Миробод туманидаги 3-оилавий поликлиникада 160 дан кўпроқ бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. 

Акцияда алоҳида тиббий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини тўлиқ қамраб олишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасаларига чиқиш имконияти бўлмаган фахрийлар, беморларнинг уйларига бориб тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Миробод туманидаги Истиқлол маҳалласида яшовчи Раҳима ая Қаҳҳорова хонадонида ана шундай кўрик ташкил этилди.  

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, ушбу соғломлаштириш ҳафталиги мобайнида аниқланган юқори технологияли текшириш ва даволанишга муҳтож беморлар учун август ойининг учинчи ўн кунлигида яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилади. Яъни пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, етакчи клиникалар ва уларнинг ҳудудий филиалларида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилади. Шу куни махсус йўлланма билан ушбу тиббиёт муассасаларига келган беморлар бепул тиббий текширувдан ўтказилиб, даволанади.