Спорт | 10:15 / 16.08.2016
8031
2 дақиқада ўқилади

Диего Коста ўз услубида. Бу сафар жабрланувчи рақиб дарвозабони

"Вест Ҳэм"га қарши учрашув вақтида ўзининг қўпол ўйинлари билан ажралиб турадиган "Челси" ҳужумчиси Диего Коста яна бир бор "ўзини кўрсатди". У рақиб дарвозабони оёқларига ташланиб, унга икки оёғида зарба берди.

"Вест Ҳэм" мураббийи Славен Билич бу ҳолатга ўз муносабатини билдириб ўтди.

"Бундай мағлубиятдан кейин албатта алам туясан. Ўйиннинг дастлабки 15 дақиқасида "Челси" ҳужумкор ва сифатли ўйин кўрсатди, индивидуал маҳорати устун бўлган футболчилар ажралиб туришди. Аммо биз кўп ўтмай ўйиндаги мувозанатга эришдик.

Диего Коста ва Адрианнинг тўқнашувими? Диегода сариқ карточка бор эди. Бу вазиятда у тўпга кечиккани кўриниб турганди, Адриан тўпни олиб кетаётганди. Ҳакам Костани четлатиши керак эди, аммо бундан хафа эмасман, мени ўйин охирида ўтказиб юборилган гол кўпроқ ранжитди", деган Билич.

15 август оқшомида Англия премьер-лигасининг 1-тури доирасида кечган бу сўнгги ўйинда Конте шогирдлари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.