Жаҳон | 20:25 / 16.08.2016
6851
2 дақиқада ўқилади

Россия оператори 470та ноқонуний сайтларни тўсиб қўйишнинг уддасидан чиқди

Россиянинг рақамли телевидения оператори «Триколор ТВ» 2015-йил сўнгги чораги ва жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширган, муаллифлик ҳуқуқи доирасидаги қонунбузарликларга қарши фаолияти натижасини эълон қилди. Шу давр мобайнида провайдернинг сўрови билан 470та интернет-манбаси тўсиб қўйилган, дейилади компания сайтида. 

Сунъий йўлдошли телеканалларни интернет орқали ноқонуний равишда кўриш имконини берадиган порталларга кириш суд тортишувларигача бўлган жараёнда тўсилган. 

Аммо, «Триколор ТВ»нинг саъй-ҳаракатлари билан айнан қайси интернет порталлари тақиқланганига ойдинлик киритилмаган. Шу билан бирга, ноқонуний манбалар олиб ташлангач, қайси сайтлар «қора рўйхат»дан чиқарилганига ҳам маълум қилинмаган. 

Бундан ташқари, «Триколор ТВ» ҳисобот даври мобайнида ҳуқуқ посбонлари ёрдамида Россиянинг бир неча минтақасида сохта смарт-карталар ва зарарли дастурий таъминотлар тарқалишининг олдини олиш борасида катта натижага эришган. Шунингдек, Россия ва МДҲ ҳудудида 12та жиноий иш қўзғатилган. Учта материал суд кўриб чиқилиши учун топширилган, иккитаси бўйича айблов эълон қилинган. 9та иш бўйича суриштирув иши давом этмоқда.