Спорт | 09:42 / 17.08.2016
7468
2 дақиқада ўқилади

IWF Россия оғир атлетика федерацияси тақдирига ойдинлик киритди

Фото: EPA

Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF)нинг тасдиқлашича, Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларидан сўнг, Россия оғир атлетика федерацияси, шунингдек, Қозоғистон ва Белоруссия федерациялари ҳам четлаштирилади. Бу ҳақда IWF президенти Тамаш Аян баёнот берган.

«Ўйинлардан сўнг қуйидаги давлатларни дисквалификация қиламиз. Мен сизларга кафолат бераман. Булар, Россия, Қозоғистон ва Белоруссия. Оғир атлетиканинг спорт тури сифатидаги обрўсига жиддий путур етди, шу боисдан ҳам ана шундай санкция қўлланилади. Такрорий таҳлиллар ҳали поёнига етгани йўқ. Шу билан бирга мен кўпроқ маълумотларни кутаяпман. Ўйлашимча, яна бир неча давлатни четлаштирамиз. Менимча, сентябрь-октябрь ойларида қайси давлатларни четлаштиришимизни эълон қилсак керак», — дея Аян сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Россия оғир атлетикачилари Бразилиядаги Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқидан июль ойи охирида маҳрум этилганди. IWF қарорига аксилдопинг қоидалари бузилиши билан боғлиқ айрим ҳолатлар сабаб бўлганди.