Жамият | 19:41 / 21.08.2016
10044
2 дақиқада ўқилади

Элликқалъа туманида “Умумҳалқ хайрия ҳашар”и бошланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 августдаги фармойиши асосида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарида халқимизнинг бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, поклик ва озодаликни сақлаш каби олижаноб фазилатлари яна бир бор намоён бўлмоқда. 
Эрта тонгдан Элликқалъа туманида ҳам “Умумҳалқ хайрия ҳашар” бошланиб кетди. Ҳашар кунлари ҳудудлардаги дарахтларни буталаш, кўчалар, йўлакларни тартибга келтириш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни белгиланган жойга олиб чиқиш, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бино ва ҳовлилар атрофи, гузар, хиёбон, зиёратгоҳлар, қабристонлар, ариқларни, шунингдек, болалар майдончаларини тартибга келтириш ишлари бажарилди. 

Кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашилмоқда. Бу хайрли юмушларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, корхона ва ташкилотлар ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок қилмоқда. 
Ҳашар давомида Элликқалъа туманининг турли ҳудудларида янги-янги объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, Болалар спортини ривожлантириш, ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Элликқалъа овулида сунъий қопламали футбол майдони, Қирққиз овулдаги 40-сонли умумтаълим мактабнинг спорт зали фойдаланишга топширилди, ундан ташқари Амиробод, Тозабоғ овулларидаги аҳолига маиший ва хизмат кўрсатиш объектлари, Гулдурсун овулида савдо мажмуаси, Гулистон, Навоий овулларидаги автомобилларга сервис хизматини кўрсатиш шахобчаларининг фойдаланишга топширилиши туманимиз иқтисодининг ривожига ҳамда янги иш ўринлари яратилиши орқали аҳолининг айниқса коллеж битирувчиларинг бандлигининг таъминланишига хизмат қилади. Элликқалъада энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

“Камолот” ЁИҲ Элликқалъа туман Кенгаши раиси:  Ж.Балтаев

Мавзуга оид