Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достонида Алп Эр Тўнға, яъни Афросиёб ва унинг қаҳрамонликлари ҳақида куйланади. Достонда Бухоро аркини Афросиёб бунёд этгани ёзилади. 25 август куни Бухорога Афросиёб қайтди. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг Тошкент – Бухоро йўналиши бўйича қатнови йўлга қўйилди. Поезднинг дастлабки йўловчилари меҳнат фахрийлари, темирйўлчилар, Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятлари фаоллари ва ёшлар вакиллари бўлди.
Соат 8.00да Тошкент шаҳридан йўлга чиққан поезд орадан 2 соат-у 8 дақиқа ўтиб, Самарқанд темир йўл вокзалига кириб борди. Соат 10.30 да бир гуруҳ самарқандлик ва навоийлик фаоллар қўшилган “Афросиёб” поезди илк бор Бухоро томон йўлга тушди. Самарқанд, Навоий вилоятларининг шаҳар ва қишлоқлари, бепоён далаларидан елдек учиб ўтган поезд соат 11.40да Бухоро темир йўл вокзалига етиб келди. Бу ерда илк поезд ва унинг йўловчилари Бухоро вилояти фаоллари, кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг “Афросиёб” поезди қатновининг йўлга қўйилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Тадбирда юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатновини Урганчга қадар йўлга қўйиш режаси ҳақида айтилди. Яқин келажакда бир вақтнинг ўзида 300 нафар йўловчига хизмат кўрсата оладиган яна иккита шу русумдаги поезд олиб келиниши таъкидланди. Мазкур йўналишда юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд қатнови йўлга қўйилиши билан юртимизда бундай поездлар ҳаракатланадиган темир йўллар узунлиги 700 километрдан ошди. Истиқлолимизнинг 20 йиллиги арафасида минтақада илк бор Ўзбекистонда Тошкент–Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” поезди қатнови йўлга қўйилган эди. Кейинчалик бу борадаги ишлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилди. 2015 йилда Мароқанд – Қарши темир йўл линиясини электрлаштириш ишлари якунига етказилди ва “Афросиёб” поезди Қарши шаҳрига қатнай бошлади. “Афросиёб” шу кунга қадар 1 миллиондан ортиқ йўловчининг узоғини яқин қилди.
Тадбир иштирокчилари янги вокзал биноси, бу ерда йўловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Вилоят марказидаги диққатга сазовор жойларга, жумладан, Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасига саёҳат уюштирилди.
Шу куннинг ўзида “Афросиёб” поезди Бухородан Тошкентга қайтди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Афросиёб” поезди ҳаракатланар экан, йўлнинг икки четида болалар қатори катталар ҳам қўл силтаб қолишди. Ёш болаларнинг сакраб рақсга тушаётганини кўриб, “Афросиёб”га ҳеч кимнинг бефарқ эмаслигига амин бўлдик.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ темир йўл транспортини изчил ривожлантириш орқали ягона миллий темир йўл тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Узоқ истиқболга мўлжалланган махсус дастурлар, лойиҳалар асосида ушбу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида ўтган йигирма беш йилда янги темир йўл линиялари барпо этилиб, асосий транзит участкалар реконструкция қилинди ва электрлаштирилди. Янги йўналишлар ташкил этилиб, янги йўллар, вокзаллар қурилди, мавжуд темир йўл вокзаллари таъмирланди.











