Фан-техника | 18:23 / 29.08.2016
9943
3 дақиқада ўқилади

Марсдаги суюқлик оқими деярли сувсиз бўлиб чиқди

NASA’нинг Реактив ҳаракат лабараторияси тадқиқотчилари Марс сайёрасининг юзасида қанча миқдордаги сув оқими борлигини ўрганиб чиқишди. Улар ажабтовур хулосага келишди: ердаги саҳроларда қумлар қанча бўлса, бу оқимлар таркибидаги сув миқдори ҳам улардан ортиқ эмаслиги аниқланди. Geophysical Research Letters’да шунга доир мақола чоп этилди.


Маълумки, 2011 йилда Марс сайёрасида қизиқ оқимлар – водий қияликларидан пастга қараб тушаётган, кўринишидан ерости сув оқимлари изларига ўхшаш тўқ рангдаги чизиқлар аниқланган. Улар Марс сайёраси баҳорида тахминан бир жойда пайдо бўлиб, кузда яна кўздан ғойиб бўлар эди. Спектографик тадқиқотлар оқимлар ҳосил бўладиган жойда муайян миқдордаги сув молекулалари билан боғлиқ тузлар мавжудлигини кўрсатди. Буларнинг барчаси оқимларни “сув” дея баҳолашга олиб келди. Замонавий Марсда сувнинг борлиги ҳақидаги тахминга ҳамма тадқиқотчилар ҳам ишонишмади. 

NASA тадқиқотчилари бу гипотезани тасдиқлаш ёки инкор этиш мақсадида “Одиссей” коинот қурилмасининг ИК-камераларини ўрганиб чиқишди. Олимлар тўқ рангли оқимлар бўлган жойлардаги қияликлар сатҳидаги ҳароратни оқимлар бўлмаган ерлардаги ҳарорат билан таққослашди. Маълум бўлишича, ҳароратлар ўртасида ҳеч қандай фарқ бўлмаган. Бу эса оқимларда ё сувнинг йўқлиги, ё бўлмаса унинг жуд ҳам кам миқдорда эканлигидан далолат беради. Гап шундаки, сув Марсни қоплаб олган қум ва қаттиқ тоғ жинсларига қараганда анча секин исийди. Агар оқимларда сув кўп бўлганида, уларнинг сатҳи кундузи салқин, кечаси эса илиқроқ бўларди. “Одиссея” маълумотларига кўра, бу оқимларда бўлиши мумкин бўлган сувнинг максимал миқдори бир килограмм қаттиқ жинсга 3 граммдан ортиқни ташкил қилмайди. Ҳақиқатда эса бу рақамлар бундан-да паст бўлиши мумкин. Намиб ёки Атакама каби ер саҳроларида тахминан шунча миқдордаги сув бор.

Янги тадқиқотчиларнинг оқимларда умуман сув бўлмаслиги ҳақидаги хулосаси илм аҳли орасида қўллаб-қувватланмаса керак. Марс водийларидаги қияликларда мавсумий оқимларни сувсиз, деб тан олиниши уларнинг пайдо бўлишига доир муқобил изоҳни талаб қилади. Бунинг учун Марс юзаси қатламларида эриш хусусиятига эга, тузли сувга яқин, аммо сув бўлмаган қандайдир суюқлик бўлиши керак. Бундай суюқликни топиш осон эмас. Боз устига Марснинг айрим ҳудудлари устида сув буғидан булутлар ва ҳаттоки туманлар ҳосил бўлади. Сув буғлари эса қаердандир буғланиши керак, яъни водийларда маълум бир миқдорда сув бўлиши муқаррар. 


 

Мавзуга оид