Жаҳон | 17:34
1433
4 дақиқада ўқилади

Хитой Ой тупроғидан ясалган ғиштлар ёрдамида у ерда база қурмоқчи

Тажрибаларда ой ғиштлари оддий ердаги ғиштларга қараганда уч баробар мустаҳкам экани маълум бўлди.

Фото: phys.org

Хитой Ойда биринчи доимий база яратиш ҳаракатини давом эттирмоқда. 15 ноябр куни мамлакат “Тянгун” космик станцияси бортида Ой тупроғидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш имкониятини синаб кўриш мақсадида ноёб тажрибани ишга туширди.

Ухан провинциясидаги Хуачжун университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган ғишт прототиплари юк ташувчи ракета ёрдамида орбитага жўнатилади. Ой тупроғи билан бир хил хусусиятларга эга базалт намуналари космик муҳит таъсирига учрайди.

“Материални коинотга жойлаштириш ва ўша ерда қолдиришни режалаштиряпмиз. Шу орқали материалнинг мустаҳкамлиги ва хусусиятлари экстремал шароитларда қанчалик бузилишини текширамиз”, — деб тушунтирди Хуачжун университети профессори Чжоу Чен.

Ойдаги муҳит жуда ноқулай: унинг сиртидаги ҳарорат Цельсий бўйича +180 даражадан -190 даражагача ўзгариб туради, атмосферанинг йўқлиги сабаб у космик нурланиш ва микрометеоритлардан ҳимояланмаган. Бундан ташқари, тупроқ силкинишлари — “ой зилзилалари” иншоотларни заифлаштириб қўйиши мумкин.

Ғиштларни ишлаб чиқариш “Чанъе-5” миссияси томонидан олиб келинган ой тупроғи намуналарининг таҳлили асосида амалга оширилган. Олинган қора рангли ғиштлар оддий ердаги ғиштларга қараганда уч баробар мустаҳкам бўлиб чиқди. Бундан ташқари, уларни бир-бирига маҳкамлаш учун боғловчи материаллардан фойдаланиш шарт эмас.

Келгусида қурилиш учун олимлар “Ой ўргимчаги” номли 3D принтер-роботни ҳам ишлаб чиқди. У ой тупроғидан ўша жойнинг ўзида конструксиялар ярата олади.

“Келажакда қурилиш материалларини Ердан ташиш заруриятини бартараф этиш учун Ойнинг ўзидаги ресурслардан фойдаланишни режалаштиряпмиз”, — деб таъкидлади Чжоу.

Тажриба уч йил давом этади, ҳар йили намуналар таҳлил учун Ерга қайтарилади. Ой тупроғидан фойдаланиш нафақат қурилиш жараёнини сезиларли даражада арзонлаштиради, балки Ернинг табиий йўлдошига юкларни етказиб бериш билан боғлиқ кўплаб қийинчиликларни енгиш имконини беради.

Хитой Халқаро Ой тадқиқот станцияси лойиҳаси доирасида қатор мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. ОАВга кўра, жумладан, Россия, Таиланд, Венесуэла ва Покистон, шунингдек, 40 га яқин хорижий ташкилот лойиҳага ҳамкор сифатида қўшилган.

Шунингдек, АҚШ 2026 йилда Ойга одам юборишни ва у ерда ўз базасини яратишни режалаштирмоқда. Европа космик агентлиги ҳам Lego конструктори тамойилига асосланган қурилиш блокларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда. Ўз навбатида, Марказий Флорида университети олимлари 3Д-босма технологиясидан фойдаланиб қурилиш ғиштларини яратмоқда.

Хитойнинг қурилишда Ой ресурсларидан фойдаланиш бўйича олиб бораётган тажрибалари муваффақиятга эришиш учун барча имкониятларга эга. Бу тажрибалар коинотни ўзлаштиришда муҳим ҳисобланган узоқ муддатли ва иқтисодий жиҳатдан самарали Ой базаларини барпо этишга йўл очмоқда.

“Ойда мавжуд материаллардан фойдаланиш анча арзонроққа тушади”, — деди Британиянинг Кил университетидан астрофизик Якко ван Лун.

Мавзуга оид