Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 89-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.
 
Асосий Қонуннинг 90-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

91-моддада қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Сайлов қонуни билан белгиланади ва унга мувофиқ ўтказилади. 

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида"ги қонунига мувофиқ, мамлакат президенти сайловларида Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган фуқароси иштирок эта олади. 

Президент сайловида суд томонидан лаёқатсиз деб топилган ҳамда суд ҳукми бўйича озодликдан маҳрум этилган шахслар овоз бериш жараёнда иштирок эта олмайди. 

Сайловларни ўтказишни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси, унинг округ ва участка сайлов комиссиялари таъминлайди. 

Сайлов округлари Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида ташкил этилади. 

Давлат раҳбари номзодлигига сиёсий партиялар ўз номзодларини илгари сура олишади. Бунда, Ўзбекистон адлия вазирлиги томонидан сайлов кампанияси бошланишидан камида 6 ой муқаддам рўйхатга олинган сиёсий партияларгина ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. 

Номзодларни илгари суриш сайлов кунига 65 кун қолганда бошланиб, овоз бериш жараёнига 45 кун қолганида тўхтатилади. 

Сиёсий партияларнинг олий раҳбарлик органлари номзодларни тасдиқлаб, уни илгари суришади. Ҳар бир партиядан биргина номзод илгари сурилиши мумкин. Шу билан бирга, сиёсий партия ўз аъзоси ёки партиясиз номзодни илгари сура олади. 

Сиёсий партия раҳбари Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиб, ўз номзодини Ўзбекистон республикаси президентлигига номзод сифатида рўйхатга олишни сўрайди.
Унга илова қилинган ҳужжатлар орасида, номзодни жами сайловчиларнинг 1 фоизи миқдорида қўллаб-қувватлаганларнинг имзоси тўпланган ҳужжатлар ҳам ҳавола қилинади. Имзолар турли хил 8 та маъмурий-ҳудудий тузилмалардан тўпланган бўлиши даркор.