Жамият | 20:12 / 06.09.2016
9632
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб махсус почта маркалари чиқарилди

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон ресбупликаси мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлаш тадбири доирасида махсус почта маркалари туркуми тайёрланди. Бу почта маркалари Ўзбекистон ресбупликаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 2016 йил 31 августдан муомалага киритилди.

Ушбу почта маркаларида мустақиллик даврида қурилган замонавий архитектура бино ва иншоотлари, саноат ва машинасозлик ривожи ҳамда иқтисод, солиқни сақлаш, спорт, таълим секторлари тасвирланган.

Туркум 8та почта маркасидан иборат (марказида купони билан), кичик варақ кўринишида тайёрланган.

Купонда Мустақиллик монументи олдидан жой олган фарзандини бағрига босиб турган Бахтиёр она сиймоси тасвири туширилган бўлиб, инглиз тилида “Ўзбекистон Ресбупликаси Мустақиллигининг 25 йиллиги” матни жойлашган.

Почта маркалари ва купон бир неча рангда ишланган. Офсет усулида босилган. Перфорацияси тароқсимон. Почта маркаларининг ўлчами 42х30мм, кичик варақнинг ўлчами 180х150мм. Адади 8000 нусха.

Идентификация рақамлари берилган ва номиналлар ўрнатилган.

1162. «Бунёдкор» стадиони (Тошкент ш.) – 1200 сўм;
1163. «Минор» масжиди (Тошкент) – 1200 сўм;
1164. Устюрт газ-химия мажмуаси – 1500 сўм;
1165. «Шевролет» автомобили («Кобальт») – 1500 сўм;
1166. «Afrosiyob» тезюрар поезди – 2100 сўм;
1167. ТАТУ магистратура битирувчилари – 2100 сўм;
1168. Ватан ҳимоячилари – 2500 сўм;
1169. Бахтиёр она ва бола ҳайкали – 2500 сўм.