Жаҳон | 21:04 / 22.09.2016
18186
2 дақиқада ўқилади

Ҳарбийлар 2017 йилдаёқ "кўринмас плашлар" билан таъминланиши мумкин


Танк, самолёт ва ҳарбий кемаларни радиоэлектрон кураш воситаларидан ҳимоялаш учун мўлжалланган "кўринмас плашлар" синовлардан ўтмоқда, деб маълум қилди "Росэлектроника" холдинги раҳбари Игор Козловга иқтибос келтирган ҳолда "Интерфакс" ахборот агентлиги. 

Козловнинг айтишича, "Росэлектроника" холдингида 2017 йилда янги ишланманинг синовлари якунланиб, мудофаа вазирлигига етказила бошланади.

Козловнинг таъкидлашича, бу восита қурол ва ҳарбий техниканинг исталган тизимларини радиоэлектрон кураш воситалари таъсиридан ҳимоялашга имкон беради. Шунингдек, у қурол ва ҳарбий техниканинг бир жойда турган ҳамда ҳаракатланаётган тизимларини яширишга имкон беради. 

Козловнинг тушунтиришича, "кўринмас плаш" у ёки бу объектнинг радиоэлектрон воситалар томонидан аниқланишини ўта мураккаблаштиради. Плаш матосининг толалари шундай тўқилганки, радиоэлектрон восита танк каби объектни таний олмайди. У танкни аксланиш объекти сифатида аниқлайди, бироқ қандай объект эканлигини била олмайди.