Норвегиялик олимлар отларни одамлар билан мулоқот қилишга ўргатишди
Норвегиялик олимлар икки ҳафталик тажриба давомида отларнинг биз ўйлаганимиздан-да ақлли эканини исботлашнинг уддасидан чиқишди. Бу вақт ичида отлар махсус карточкалар ёрдамида ўз истаклари ва эҳтиёжлари ҳақида хабар беришни ўрганиб олишди. Бу ҳақида Applied Animal Behaviour Science журнали маълум қилди.
Манбага кўра, отлар ҳар қандай мавҳум белгини ҳақиқий эффект билан боғлай олишар экан. Аввал бу жиҳат фақат дельфинлар, приматлар, тўтилар ва маълум маънода итлар ва мушукларга хос эканлиги тахмин қилинганди. Илмий тадқиқотни доктор Сессилия Мейдель Норвегия ветеринария институтидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда олиб борди.
Тадқиқот давомида турли зот ва ёшдаги 23 отдан иборат гуруҳ назоратга олинди. Уларнинг ҳар бирига биологлар уч йирик карточкани кетма-кет кўрсатишди. Бирида вертикал чизиқ, бошқасида - горизонтал, учинчисида эса бўм-бўш эди. Отлар уларда ёпинчиқ (отларга ёпиладиган махсус адёл) бор ёки йўқлигига ишора қилувчи карточкани танлашлари керак бўлган ва 14 кундан кейин барча отлар карточкаларнинг фарқига бора бошлашди.
Тажриба шу билангина якунланмади, акс ҳолда бу оддий дрессировка бўлиб қоларди. Жониворларга учта карточкадан истаганларини танлаш ҳуқуқи берилди. Натижа шуни кўрсатдики, отлар илиқ ва қуёшли кунда ёпинчиққа ишора қилмайдиган карточкани танлашди. Жониворлар шу ёрдамида ёпинчиқларни олиб ташлашни сўрашган, улар бўлмаган тақдирда шундай ҳолатда қолишга ишора қилишган. Совуқ ҳавода эса жониворлар, аксинча, ёпинчиқни ёпишни сўрашган, уларнинг илтимоси тезда бажарилмаса, отлар янада қатъий талаб қилишга ўтишган.
Ҳозирда олимлар отларнинг бундай хулқ-атвори уларнинг уй жониворлари эканлиги билан боғлиқми ёки ёввойи отлар ҳам инсон билан мулоқот қила оладими - шу ҳақида бош қотиришмоқда. Маълумки, эчкилар ўргатилгандан кейин одамлардан ёрдам сўрашни ўрганиб олишди, лекин ёввойи эчкилар ҳаттоки хавф юзага келган тақдирда ҳам ёрдам сўрашмаган.
Мавзуга оид
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
15:55 / 05.11.2024
Ҳомиладорликда шакар истеъмоли камайтирилса, бола улғайганда қандли диабетга чалиниш хавфи пасаяди — тадқиқот
10:33 / 02.11.2024
Пандемиядан кейин одамлар уйдан ташқарида камроқ вақт ўтказадиган бўлди — тадқиқот
18:21 / 18.10.2024