Спорт | 21:41 / 27.09.2016
17641
2 дақиқада ўқилади

Зидан Роналду билан юзага келган можароли вазият юзасидан фикр билдирди

«Реал» жамоаси бош мураббийи Зайнидин Зидан жамоа ҳужумчиси Криштиану Роналду билан уни Испания чемпионатининг 6-турида «Лас-Пальмас»га қарши кечган учрашувдан кейин юзага келган зиддияти тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирган. 44 мутахассиснинг сўзлари AS томонидан келтирилган.

«Барчаси жойида, Криштиану бундай вазиятда, ўзини ўйиндан олишганида жаҳли чиқадиган биринчи ва охирги футболчи эмас. Ҳозир барчаси ортда қолди, биз кейинги ўйин ҳақида ўйлаяпмиз. Мен бу қарорни унга яхши бўлиши учун қабул қилгандим, бу қарор туфайли юзага келган гап-сўзлар ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ҳеч ким ҳеч кимдан хафа эмас. Мен ва Роналду ақли расо кишилармиз. Нафақат биз иккимиз, жамоанинг барча футболчилари шундай одамлар», — деган Зидан.

Мураббий таркибда кўпроқ ротация ишлари олиб бориш ниятида эканини таъкидлаб ўтган.

«Мен ўйинларга ўша вақтда кимнинг спорт формаси зўр бўлса, уни қўяман. Ўйинларда ғалаба қозонишим керак. Қолаверса 3та захира имконияти бўлади ва мен уларнинг барчасидан фойдаланишга ҳаракат қиламан», — дея қўшимча қилган Зидан.

26 сентябрь куни ОАВда Роналду ўзини майдондан олган Зиданга қарата захира ўриндиғида ўтирган ҳолда ножоиз сўзлар йўллагани ҳақида хабар пайдо бўлганди. У ўз ҳиссиётларини жиловлай олмагани ва ҳатто мураббийнинг онасини "эслагани" айтилди.

6 тур ўйинларидан кейин «Реал» 14 очко билан чемпионат турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Барселона» мадридликлар жамоасини 1 очколик фарқ билан таъқиб қилмоқда.

Мавзуга оид