Жамият | 19:45 / 01.10.2016
133161
4 дақиқада ўқилади

Уни ароқхўр ва фоҳишабоз дейишар эди, аммо ўлганида юзидан нур таралиб турди...

Қадимда бир подшоҳ ўтган экан. Бир куни у тунда кўрган тушидан таъсирланиб узоқ ўй сурибди ва вазирини чақириб: “Тайёрлан! Саройдан ташқарига чиқамиз”, дебди. 

Бироздан сўнг икковлон оддий кийиниб, йўлда кетиб борардилар. Бир қишлоққа етганларида подшоҳ тушида кўрган жойни таниб қолди. Атрофда одам кўп, ҳамма ўз иши билан банд. Шундоққина ерда бир одамнинг жасади ётар, ҳеч ким унга эътибор ҳам бермасди. Шунда подшоҳ одамлардан сўради: “Бу кимнинг жасади, биродарлар? Нега у бундай хорликда ётибди?”

“Э, сўраманг, меҳмон! Бу уятсиз бир ароқхўрнинг жасади”, деб жавоб берди бир одам. “У менинг қирқ  йиллик қўшним эди. Тан олиш керак, жуда моҳир тақачи бўлган. Эртадан то қора кечгача тиним билмай ишлар, аммо қаердаки ароқ бўлса, бор-будини бериб бўлса ҳам сотиб оларди. Уйига фоҳишаларни бошлаб келишдан ҳам тоймасди, бугун биттасини, эртасига бошқасини... Агар ишонмасангиз, бошқалардан ҳам сўранг, марҳумни бирор марта жамоат билан ҳеч ким кўрмаган...”. 

Бир фурсатдан кейин одамлар тарқалиб кетишди. 

— Юринг, шоҳим, биз ҳам кетайлик, — деди вазир. 

— Йўқ! — деди подшоҳ. — Мен кўрган тушимнинг ҳикматини ҳали тушуна олганим йўқ. Жасадни олиб кетамиз. Сен ғам ема, уни ювиб, кафанлаб кўмишни ўзим уддалайман. Фақат ювиш учун жой топсак, кифоя... 

Икковлон жасадни кўтариб, нариги  қишлоқдаги масжид сари йўл олдилар. Жасадни кафанлар экан, марҳум юзидаги нурни, лабларидаги маъноли табассумни кўриб хаёлларидан: «Бу одам қўшнилари айтганидек ёмон кимсага ўхшамайди-ку», деган ўй ўтди. Барча ишлар битгач, вазир: “Шоҳим, бу одам  тўғрисида янглиш фикр эшитмадикмикин? Марҳумнинг яқинлари, бола-чақаларини суриштириш керак шекилли, — деди. “Тўғри айтасан”, деди подшоҳ. “Сен шу ерда тур, мен унинг уйига бориб келаман. 

Подшоҳ сўраб-суриштириб, марҳум яшаган уйни топди. Эшикни очган маъсумагина аёл шоҳнинг сўзларини диққат билан тинглар экан, мусибатни мардона қаршилашга ҳарчанд уринса-да, кўзидан оққан шашқатор ёшларини тия олмади. 

— Менинг эрим ўзи бир олам эди, — деди аёл. — Эртадан кечгача тиним билмай ишлаб, топган пулига уйга ароқ олиб келарди. Кейин буларни ҳамқишлоқларим ичмасин, дея ҳожатхонага тўкарди. Баъзида уйимизга ахлоқи бузуқ аёлларни ҳам етаклаб келарди ва «Мен сизларнинг вақтингизни сотиб олдим-а?», деб сўрарди. Улардан тасдиқ жавобини олгач, «Энди мана бу ерда ўтириб, тингланглар», дерди. Мен эса уларга имон-эътиқод ҳақида Аллоҳ қодир қилганича ўргатардим. Эрим қишлоғимиздаги масжидга бормас, ибодат учун қўшни қишлоқдаги масжидга қатнарди. Сабабини сўрасам, «Шундай имомнинг ортида туриб ибодат қилгинки, қулоқ қоққанингда қаршингда Каъбани кўргин», деган эди… Одамлар эримнинг ишларини нотўғри тушунишарди. Бу ҳақда унга кўп айтганман. Бир куни: “Қўшнилар сиз ҳақингизда ёмон ўйлашяпти, ишқилиб жанозангиз ўртада қолмаса эди”, дедим. Шундан кейин эрим ўзи учун қабр ковлаб қўйди. Мен яна эътироз  билдирдим: “Қабр кавлаш билан иш тугамайди, ахир сизни ким ювиб, ким кафанлайди, ким кўмади?”, дедим. “Хўш-хўш, у нима деди?”, шошиб сўради подшоҳ. “У табассум қилиб, «Ахир Худо бор-ку, хотин. Менинг ўлигим  кўчада қолмайди! Одамлар бўлмаса, подшоҳ бор!..”, деди...

 

Мавзуга оид