Инсоният келажаги - бутун дунё бўйлаб кўпчиликни ташвишга солувчи мавзу. Биз ва фарзандларимизни яқин ўн йилликларда нималар кутмоқда? Замонамизнинг етакчи олимлари бизни олдинда нима кутаётгани ҳақидаги асосий саволларга жавоб беришади. 

1. Инсоният Ер ташқарисидан қўним топа оладими?
                
Мартин Рис - инглиз космологи ва астрофизиги:

Ерни тарк этишга уринишнинг ҳеч қандай яхши томони йўқ. Унинг ўрнига диққатимизни шу ерда, бизнинг сайёрамиздаги дунё муаммоларини ҳал қилишга қаратсак, фойдадан холи бўлмасди. Бироқ ҳозирданоқ яқин юз йилликда хусусий инвестициялар эвазига Марс ва Қуёш тизимидаги бошқа бурчакларни ислоҳ қилишга уринувчи саргузашт ишқибозларидан иборат гуруҳлар пайдо бўлишига ишора қилинмоқда. 

2. Қачон ва қаерда ўзга сайёрадаги ҳаётни топиш мумкин?

Кэрол Клиланд - фалсафа фанлари профессори ва Корлорадо штати Университети қошидаги Астробиология маркази тадқиқотчиси

Агар Марс сайёрасида микроб ҳаёт бўлса, биз уни яқин 20 йил ичида топишимиз мумкин. Бироқ у шаклига кўра Ерга етарлича ўхшаш бўлиши керак. Агар ўзга сайёрадаги ҳаёт биз ўрганган ҳаётдан катта фарқ қилса, уни топиш анча қийин бўлади. Қизил сайёрада қолган ҳаёт, эҳтимол,  бизнинг роботлар етиши қийин бўлган жойлардадир. Сатурннинг йўлдоши бўлган Титан Қуёш тизимидаги энг кўп нарса ваъда қилувчи жой бўлиши мумкин. Бу йўлдош органик молекулаларга бой, лекин суюқ сувга эга эмас, у фавқулодда паст ҳарорати билан танилган. У ерда ҳаёт мавжуд бўлган тақдирда ҳам, Ердагидан сезиларли равишда фарқ қиладиган бўлади. 

3. Бир кун келиб олимлар танамиздаги барча тўқималарни сунъий тўқимага айлантира оладими?

Роберт Лэнгер - Массачусетс технология институти қошидаги Дэвид Кох Институти профессори

1995 йилда мен ва ҳамкасбим сунъий тўқималар, органлар ва ҳаттоки кўзи ожиз кишиларга кўриш имконини берувчи электроника яратишдаги ютуқлар ҳақида мақола ёзгандик. Бугунга келиб, буларнинг барчаси жорий маҳсулотлар кўринишида амалга оширилган. Шундай экан, яқин юз йил ичида инсон танасидаги ҳар қандай тўқимани шунга ўхшаш ёки айнан шундай намуналарга алмаштиришнинг уддасидан чиқамиз. Ҳозирги вақтда биз учун энг катта қийинчилик - бугунга қадар яхши ўрганилмаган мия тўқималарининг яратилиши ва регенерацияси.